Умумий маълумотлар

Янгиқўрғон тумани Наманган вилоятининг Шимолий қисмига жойлашган. Туманнинг ер майдони 54,0 квадрат километр бўлиб, кенглиги Ғарбдан Шарққа томон 8-16 километрни ташкил этса, узунлиги Шимолдан Жанубга 65 километрдан иборат. Маъмурий маркази Янгиқўрғон шаҳарчаси бўлиб, вилоят маркази Наманган шаҳридан 22 километр олисликда жойлашган.
Чегаралари: Шимол, Шимолий Ғарб, Шимолий Шарқ томондан Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти Ак-су ва Ола буқа туманлари билан 88,53 километр масофада чегараланган.
Туманнинг чегара ҳудудларидаги Нанай, Поромон, Заркент, Наврўзобод, Зарбдор қишлоқларига қарашли 17 та аҳоли манзилгоҳи ҳамда 27 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 15 минг хонадонда 75 минг нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Шунингдек чегара ҳудудларида 3 та касб-ҳунар коллежи, 26 та мактаб, 14 та мактабгача таълим муассасаси, 11 та қишлоқ врачлик маскани, 3 та қишлоқ шифохонаси, 6 та масжид, 3 та деҳқон ва буюм бозорлари фаолият кўрсатмоқда.
Бундан ташқари туман Шарқ томондан Чортоқ тумани билан, Жанубий Шарқ, Жанубий Ғарб томондан Наманган тумани билан, Жанубдан Наманган шаҳри билан, Ғарб томондан Косонсой туманлари билан чегарадош. 1950 йилга қадар ҳозирги Чортоқ, Уйчи туманлари ҳамда Косонсой туманининг бир қисми Янгиқўрғон тумани таркибида бўлган.
Маъмурий-ҳудудий чегаралари: Туман маъмурий-ҳудудий жиҳатдан 11 та қишлоқ, 1 та шаҳарча ҳамда 66 та аҳоли манзилгоҳларига бўлинган, шунингдек туманда 71 та маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолият кўрсатмоқда:
1. Бекобод қишлоғи. Аҳоли яшаш манзилгоҳлари: Бекобод, Калишох, Янгиобод, Кўлбуқон, Нуралиобод.
2. Бирлашган қишлоғи, маркази Шўркент қишлоғи. Аҳоли яшаш манзилгоҳлари: Ғовазон, Хўжашўркент, Шўркент, Деҳқонобод, Қорачашўркент, Чўмбағиш, Орзумобод.
3. Зарбдор қишлоғи, маркази Исковот қишлоғи. Аҳоли яшаш манзилгоҳлари: Газнон, Кандиён, Салмон, Искавот.
4. Заркент қишлоғи, маркази Заркент қишлоғи. Аҳоли яшаш манзилгоҳлари: Заркент, Шилви, Ўзак, Отакиши.
5. Қораполвон қишлоғи, маркази Қораполвон қишлоғи. Аҳоли яшаш манзилгоҳлари: Радивон, Қизариқ, Қораполвон.
6. Шарқ Юлдузи қишлоғи, маркази Ёрилган қишлоғи. Аҳоли яшаш манзилгоҳлари: Дарвозақўл, Ровут, Дўлди, Гайистон, Қизилқиёқ, Тўра махалла, Қамишоқ, Теракқатор, Ёрилган.
7. Навкент қишлоғи, маркази Навкент қишлоғи. Аҳоли яшаш манзилгоҳлари: Ровот, Сангистон, Навкент, Булоқбоши, Иттифоқ, Суттибулоқ, Мешон, Хақиқат.
8. Нанай қишлоғи. Маркази Нанай қишлоғи. Аҳоли яшаш манзилгоҳлари: Нанай, Мамай, Дўстлик, Кўкёр, Қизилёзи, Мўғол, Оқтом, Қайроқи.
9. Наврўзобод қишлоғи, маркази Янгиҳаёт қишлоғи. Аҳоли яшаш манзилгоҳлари: Ўзак, Янгихаёт, Қурама, Ўрта Ялонғоч, Пастки Ялонғоч.
10. Истиқлол қишлоғи, маркази Қораёнтоқ қишлоғи. Аҳоли яшаш манзилгоҳлари: Қораёнтоқ, Янгиқўрғон.
11. Поромон қишлоғи, маркази Поромон қишлоғи. Аҳоли яшаш манзилгоҳлари: Поромон, Нов, Тоштепа.
12. Янгиқўрғон шаҳарчаси. Аҳоли яшаш манзилгоҳлари: Бешбулоқ, Фурқат номли, Қорасув, Қўриқ, Қутлуғтол, Тошкент.
Аҳолиси. Бугунги кунда туман худудидаги 40 минг хонадонда 210 мингдан ортиқ ахоли истиқомат қилмоқда, ахолининг асосий қисми ўзбеклар бўлиб, айни пайтда туманда 14 миллат вакиллари яшайди. Ахолининг 97,2 фоизини ўзбеклар, 2,5 фоизини қирғизлар ва қолган 0,3 фоиз аҳолини бошқа 12 миллат вакиллари ташкил этади
Табиати. Янгиқўрғон туманининг географик ўрни Тянь Шань тоғларининг Чотқол тоғ тизмасини Жанубий этакларида жойлашганлиги учун ҳам ер юзаси текислик ва адирликлардан иборат. Денгиз сатхидан баландлиги Жанубдан Шимолга 400 метрдан бошланиб, Шимолда 2100 метрга қадар кўтарилади.
Янгиқўрғон географик жиҳатдан Испания, Италия, Греция, Словакия, Черногория каби субтропик мамлакатлар кенглигида жойлашган. Иқлими континентал, ёзи иссиқ ва қуруқ, қиши совуқ, ўртача температура январда 1оС дан - 4оС гача, июлда +25о +26оС. Минимал температура қишда -29оС гача бўлса, ёзда максимал температура 40оС гача кўтарилади. Йиллик ёғин миқдори 300-400 миллиметр бўлиб, ёғин кўпроқ баҳор ва қиш ойларида ёғади. Тупроқлари асосан типик бўз тупроқлар бўлиб, энг Шимолий чеккалари қисман тўқ тусли бўз тупроқлардан иборат. Туманнинг Жанубий қисми қуруқ субтропик иқлимга яқин бўлиб, қиши анча илиқ ва 2-3 ой давом этади. Шимолий худудларда эса қиш узоқ вақт давом этади, қалин қор тушиб, узоқ вақтгача эримайди, ёзи эса салқин, ёғин миқдори Жанубий худудларга нисбатан анча ортиқ. Туманнинг Жанубий ерларида қуёшли кун 229-230 кунни ташкил этгани холда Шимолий худудларда 200 кундан ортмайди ёки Жанубий худудлар билан Шимолий ерлардаги экин ва ўсимликларнинг ривожланиш даврида 15-20 кунлик фарқ мавжуд.
Флораси. Туман худудида 2000 га яқин табиий ўсимликлар ўсади. Буларнинг кўпчилиги чўл ва чала чўлларга мансуб эфир мойига бой ҳамда тоғолди зонасига хос бўлган доривор ўсимликлардан иборат. Масалан: шувоқ, ажриқ, далачой, зиғирўт, кийикўт, бўзноч, равоч, пиёзи анзур, зирк, наъматак, қорағат, ковар, янтоқ, қиёқ, равоч, шилви, бетага, қизилмия, исириқ, жийда, дўлана, писта, чилонжийда ва ҳаказо.
Фаунаси. Шунингдек туман худудида 200 дан ортиқ ҳайвонот, қушлар, хашорат ва сув жониворларини учратиш мумкин. Масалан: илонлар, калтекесак, чаён, қорақурт, чўл қурулдоқ бақаси, юмронқозиқ, бедана, типратикан, жайра, каклик, қирғовул, майна, лайлак, турна, лочин, калхат, чумчуқ, тоғ чумчуғи, қалдирғоч, саъва, қумри, бойўғли, бўри, тулки, ёввойи қуён, тўнғиз, зоғора, лаққа ва маринка балиқлари.