“Нуроний” жамғармаси Янгиқўрғон туман бўлимига Spark тақдим этилди

“Нуроний” жамғармаси вилоят, шаҳар ва туман бўлимларига 13 та Spark автомобили тақдим этилди. Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғида бунга бағишланган тантанали маросимга мазкур бўлимлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари тўпланди.

-Аслида бу хизмат машиналарини беришга бироз кеч қолдик. Чунки нуронийлар ҳар қандай йўналиш — ёшлар тарбияси бўладими, жиноятчиликни олдини олишми ёки ободонлаштиришда, бизга яқин кўмакчи, маслаҳатчи бўлишяпти. Уларнинг бўлимлари фаолиятини иқтисодий, маиший жиҳатдан қўллаб-қуватлашга бундан кейин ҳам тайёрмиз, - деди машиналарни топшириш маросимида иштирок этган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.

Жамғарма туман бўлими раиси Мавлонжон Абдуллаевнинг айтишича, хизмат машиналарининг тақдим этилиши нуронийлар қадр-қиммати, фаоллигини оширишда муҳим қадам бўлди.

-Бўлимларимизга бундай шароитларни яратилиши зиммамизга катта масъулият юклайди. Давлат раҳбари, вилоят ва туман ҳокимликлари, қолаверса, жамғармамиз бошқарувининг топшириқ ва кўрсатмаларини бажаришга астойдил бел боғлаймиз, юрт равнақи йўлида камарбаста бўламиз, - дейди Мавлонжон Абдуллаев.