2025 йил – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили
Атроф-муҳитни асраш, экологик барқарорликни таъминлаш, табиатни муҳофаза қилиш бутун дунёда бугунги куннинг долзарб вазифасига айланди. Бу борада мамлакатимизда ҳам қатор ишлар амалга оширилиб, экооламни асраб-авайлаш ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаб қўйилган. Бу борада “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун муҳим аҳамиятга эга.
Ушбу Қонунда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесган ёки йўқ қилган шахсларга компенсациявий дарахт ва бута кўчатларини экиш ҳамда уларни уч йил давомида парвариш қилиш мажбурияти белгиланган. Дарахтларнинг қимматбаҳо навларини қонунга хилоф равишда кесганлик ёки йўқ қилганлик учун эса юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар жорий этилган.
Шунингдек, экологик жиноятлар жазо муқаррарлиги Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда ҳам мустаҳкамлаб қўйилганки, бундан кўзланган мақсад она табиатни асраб-авайлашдан иборат.
Бу борада эса мамлакатимрз Президенти томонидан илгари сурилган эзгу ташаббус – “Яшил макон” умуммиллий лойҳасининг аҳамияти муҳим. Зеро, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш билан бирга, амалга оширилаётган ишлар устидан самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш жоиз. Зеро, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга содиқлик тимсоли сифатида мамлакатимиз ҳудудини боғу-бўстонга айлантиришга йўналтирилган лойиҳа доирасида дарахт экиш тадбирларида фаол иштирок этиш орқали Янги Ўзбекистоннинг “яшил” тараққиёти учун ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш ишларини амалга ошириш шаҳарларимиз, маҳаллаларимизга файз бағишловчи яшилликка бурканган янги яшил ҳудудлар барпо этилишига туртки бериши билан бирга, юртимиз иқлимини мўътадил сақлашга, пировардида табиатни асраш, аҳоли саломатлигини яхшилаш, халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Бахтиёр Алимжанов,
Фуқаролик ишлари бўйича
Янгиқўрғон туманлараро
судининг судьяси





