Ўзбекистон Республикасида оилавий зўравонликка қарши кураш ва унинг олдини олиш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган.

Ўзбекистонда оилавий зўравонликка қарши курашиш мақсадида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Жумладан, «Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонун ижтимоий тенгликни таъминлаш ва дискриминациянинг олдини олишга қаратилган. У тенг ҳуқуқли муносабатлар орқали оилада зўравонликни камайтиришга хизмат қилади.

 «Хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун эса оилавий зўравонлик тушунчасини аниқ белгилаб, унинг турлари — жисмоний, руҳий, иқтисодий ва жинсий зўравонлик каби шаклларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади. Шунингдек, жабрланган шахсларга ҳимоя ордери бериш, вақтинча бошпана билан таъминлаш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш каби чоралар назарда тутилган.

Бундан ташқари, бир қатор ҳолатларда маъмурий ва жиноий жавобгарлик ҳам белгиланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва Жиноят кодексига киритилган ўзгартишлар асосида, оилавий зўравонлик ҳолатлари алоҳида жавобгарликка тортилади. Масалан, доимий таъқиб, таҳдид ва калтаклаш ҳолатлари учун жазо чоралари белгиланган.

Юқоридаги қонунчиликнинг жорий этилиши ўз навбатида бир қатор ютуқларни белгилаб берди. Жумладан:

▪️ Қонунларда оилавий зўравонликнинг кенг қамровли таърифи берилиши;

▪️ Ҳимоя ордери тизимининг жорий қилиниши;

▪️ Зўравонликдан жабрланганларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш марказларининг ташкил этилиши.

Оилавий зўравонликнинг олдини олиш бўйича бир қатор чоралар белгиланган.

Профилактика тадбирлари: Маҳалла, таълим муассасалари ва ННТлар орқали фуқаролар ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш;

Ижтимоий хизматлар: Вақтинча бошпана, бепул юридик ёрдам ва психологик кўмак марказларининг самарали ишлашини таъминлаш;

— Ички ишлар органлари ҳамкорлиги: Зўравонликка қарши тезкор жавоб бериш гуруҳларининг ишини кучайтириш;

Ахборот кампаниялари: Масс-медиада зўравонликка қарши кенг жамоатчиликни жалб қилувчи акция ва кўрсатувларни йўлга қўйиш.

Р.М.Бойқораев,

ФИБ Наманган туманлараро суди судьяси