Бугун Наманган вилоятида бўлиб ўтаётган "Камбағалликдан фаровонлик сари" ҳалқаро форум иштирокчиси, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дуйшонкул Чотонов Янгиқўрғон тумани, Нов маҳалласида жойлашган 56-умумтаълим мактабига ташриф буюрди. Нов маҳалласида айни кунда 2700 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 80 фоизини қирғизлар ташкил этади.
Таълим қирғиз тилида олиб бориладиган мазкур мактабда бугунги кунда 86 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Дуйшонкул Чотонов мактабда ўқувчи ва ўқитувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди, улар билан самимий суҳбатлашди.



-Биз азалдан қардош халқмиз. Бугун хақаро форумда иштирок этар эканман, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маърузасидан таъсирландим. Айниқса, мамлакатингизда бакалавриат босқичида таълим олаётган қиз-аёллар учун қулай муддатларга фоизсиз кредит берилиши ҳамда аёлларнинг магистратурада мутлақо бепул таҳсил олишлари мени қувонтирди. Бизда бир мақол бор, йигит кишининг илмли бўлиши ўзи учун, аёл кишининг илмли бўлиши эса нафақат унинг фарзандлари, оиласи, балки миллатнинг илмли бўлиши демакдир. Шу нуқати назардан олганда бундай оқилона сиёсат, албатта келажакда ўз мевасини беради.
Маълумот учун, 56-умумтаълим мактабини 2024-2025 ўқув йилида битирган 4 нафар ўқувчининг бари олий таълим муассасаларида таълимни давом эттирмоқда. 2026 йилда Инвестиция дастури доирасида мактаб учун янги, 120 ўринли бино ва спортзал қурилиши кўзда тутилган.
Қирғизистон элчиси Дуйшонкул Чотонов қирғиз ўқувчилари учун берилаётган эътибордан мамнунлигини ва агарда ўқувчиларда хоҳиш бўлса, мактабдан сўнг таълимни Қирғизистондаги олий таълим муассасаларида давом эттиришлари учун кўмак беришларини таъкидлади.
Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати





