Бугун мамлакатимиз бўйлаб умумтаълим мактабларида "Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари ўтказилди.
Янгиқўрғон тумани ҳоқими Асадулло Нажмиддинов ҳам 10-сонли чет тилига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида навбатдаги ўқув йили якунланганлиги муносабати билан ўтказилган тадбирда иштирок этди.
Тадбирда туман раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мактаб битирувчиларига мурожаатини ўқиб эшиттирди. Юртимизда таълим соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ва чуқур ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида тўхталди.


Катта ҳаёт остонасида турган битирувчиларни қизғин табриклар экан, келгуси ўқиш ва ишларида оқ йўл тилади.
Шундан сўнг бир гуруҳ фаол, намунали устозлар ва битирувчиларга туман халқ таълими бўлими ва мактаб раҳбариятининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Муддатидан олдин олий ўқув юртига кирган ҳамда намунали оилалар вакиллари "Директор стипендияси" билан рағбатлантирилди.
Бу йил Янгиқўрғон туманида 2157 нафар ўқувчи ёшлар умумтаълим мактабларини битирмоқда. Уларнинг 100 нафаридан ортиғи муддатидан аввал олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган бўлса, 70 нафарига олтин, 25 нафарига кумуш медаллар бериш тавсия этилди.
"Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари устозлар, ўқувчи-ёшлар ва ота-оналар қалбида, хотирасида бир умрга муҳрланиб қолиши билан аҳамиятлидир.





