Ҳар қандай касб эзгуликка хизмат қилар экан, шубҳасиз, халқ назарида улуғвор, жамият ҳаётида қадрлидир.
Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда олиб борилаётган одилона ва халқпарвар сиёсатни тарғиб этадиган қалам аҳлининг мамлакатимиз тараққиётидаги улуши салмоқли, шарафли хизматлари эса самимий эҳтиромга лойиқ.
Бугун Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги томонидан 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати журналист, ижодкор ва блогерлар учун тадбир ташкилланди.



Унда "Наманган ҳақиқати", "Наманганская правда", "Янгиқўрғон ҳаёти" газеталари вакиллари, фахрий журналист ва ижодкорлар қаторида шижоатли блогерлар ҳам иштирок этдилар.
Тадбирда туман ҳокими соҳа вакилларини касб байрами билан қутлар экан, уларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, ижодий баркамоллик ҳамда ҳамиша туман, вилоят, республика журналистикасида ўз ўрни ва сўзларини йўқотмасликни тилади.
Тадбирда, шунингдек, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси вакиллари ҳам бир қатор соҳа фидойиларига ўз совғаларини улашди.
Маданият бўлими ходимлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият бахш этди.





