Жорий ўқув йилида Янгиқўрғон туманидаги умумий ўрта таълим мактабларини 2158 нафар ўқувчи тамомлади. Уларнинг 150 нафари муддатдан олдин турли олий ўқув юртлари талабаси бўлганликлари қувонарлидир, албатта.

Бугун туман Маданият марказида йиғилган умумий ўрта таълим мактаби битирувчилари бутун умрга хотираларида муҳрланиб қоладиган тантанали маросимда иштирок этдилар.

Сабаби уларнинг 70 нафарига олтин, 25 нафарига кумуш медаллар топширилди.



Маросимда тумандаги сектор раҳбарлари иштирок этдилар.

Унда сўз олган туман ҳокими Асадулло Нажмиддинов катта ҳаёт остонасида турган ёшларга муваффақият, барчаларига олий ўқув юрти талабаси бўлишлик насиб этиши ва жамиятда ўзи ўрниларини топишларини тилади.

-Мен ҳам барча қатори мактабни аъло баҳоларга битириб, олтин медалга лойиқ бўлганимдан бошим осмонга етди,-дейди 16-умумий ўрта таълим мактабида якка тартибда таҳсил олган Мафтуна Мадаминова.

Тадбирда, шунингдек, 21- мактабнинг битирувчиси, гранд асосида Япониядаги нуфузли олийгоҳ талабаси бўлишга эришган Озодбек Луқмонов япон тилида тенгдошларини бугунги воқеа билан табриклади.

Қувончдан кўзлари порлаган бугунги ёшларнинг шижоати, илмли бўлишга, тил ўрганишга бўлган интилишлари, келажакда албатта ўзи мевасини беришига ишонамиз.