Хабарингиз бор, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 19 майдаги "Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун ягона мактаб формаси тўлиқ жорий этилмоқда.

Бугун Янгиқўрғон туманидаги маданият марказида ўтказилган тадбир ҳам ана шу ягона мактаб формаси тарғиботига бағишланди.

Семинар шаклида ўтган тадбирда умумий ўрта таълим мактабларининг директорлари, ўқитувчилари, ота-оналар иштирок этдилар.

Тадбирда ягона мактаб формасининг афзалликлари, унинг жорий этилиши натижасида ўқувчиларнинг кийиниш маданияти ва уларда тартиб интизомга амал қилиш кўникмасининг мустаҳкамланиши, ўқувчилар ўртасида ижтимоий тенглик таъминланиши таъкидланди.

Семинарда "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси томонидан бириктирилган корхона томонидан ягона мактаб формаларининг намуналари намойиш этилди.

Таъкидлаш жоизки, янги ўқув йили арафасида туманда ихтисослаштирилган савдо мажмуалари, Мактаб ярмаркалари ташкил этилади. Сотувдаги буюмлар орасидан ягона мактаб формаси ҳам ўрин олади.

«Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағлари ҳисобидан эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун мактаб формаси сотиб олинишига кўмаклашиш режалаштирилган.

Тадбирда, шунингдек, "Ҳар бир мактабга 1000 та китоб" Президент ташаббуси доирасида туман ҳокими раҳбарлигида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар бир мактабга 1110000 сўмлик китоблар топширилди.