Сўнгги йилларда "Янгиқўрғон тумангаз" газ таъминоти бўлими томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқдаки, бу ўз навбатида туманда табиий газ етказиб бериш жараёнини янги босқичга олиб чиқмоқда.

Жумладан, 12313 нафар истеъмолчига замонавий газ ҳисоблагичлари ҳамда 4489 та редуктор ўрнатилиши, газ таъминотидаги тизимни уч босқичдан икки босқичга ўтказилиши (456 та газ тақсимловчи қурилмалар демонтаж қилинди), 60 км. узунликдаги газ тармоғи эстетик жиҳатдан тартибга солиниши натижасида 3860 та хонадонда газ таъминоти яхшиланди ҳамда 35000 м3 табиий газ йўқотишга чек қўйилди.

Авваллари газ тармоғини бошқариш, истеъмол қилинган табиий газ учун тўловлар инсон омили иштирокида амалга оширилган бўлса, соҳада олиб борилган рақамлаштириш натижасида хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги сезиларли равишда ошди. Натижада ўтган йили мурожаатлар сони 174 тани ташкил этган бўлса, жорий йилнинг шу даврида 82 та мурожаатлар келиб тушди.



Туманда жами 55161 та истеъмолчи мавжуд бўлиб, шундан 12438 нафарини табиий газ, 125 тасини улгуржи ҳамда 42602 нафарини суюқ газ истеъмолчилари ташкил этади.

Яқинда туман газ таъминоти бўлимида бўлиб ўтган амалий семинарда иштирокчилар томонидан айнан истеъмолчиларга сифатли табиий газ етказиб бериш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ва тизимни назорат қилишда рақамлаштирилгандан сўнг эришилган натижадорлик ошгани, истеъмолчиларнинг табиий газдан ноқонуний фойдаланишга уринаётганликларининг олди олинаётгани борасида қилинаётган ишларга эътибор қаратилди.

Унда вилоят бошқармаси раҳбари ва бўлимлари бошлиқлари, Янгиқўрғон тумани сектор раҳбарлари ҳамда барча туманлар ҳудудий газ таъминоти бўлимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар иштирок этдилар.