19 сентябрь куни Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтган видеселекторда давлатимиз раҳбари бу йили туризм учун пандемиядан кейин қайта тикланиш даври бошланганини таъкидлади ва мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида туризмни ривожлантириш учун вилоят ва туман ҳокимларига кўрсатма ва топшириқлар берилди. Ушбу топшириқлар ижроси юзасидан жойларда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, туризмни ривожлантириш борасида жойларда туристлар учун хавфсиз шароитни яратиш, туризм маданиятига эга бўлиш муҳим аҳамият касб этади.

Бугун Янгиқўрғон тумани, Нанай ҳудудида жойлашган "Paradise" дам олиш масканида Ўзбекистон Республикаси туризм ва маданий мерос вазирлиги ташаббуси билан GIZ Ўзбекистон халқаро ташкилотининг "Ўзбекистон ҳудудларида иқтисодий ислоҳотлар ва барқарор иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш" лойиҳаси доирасида, Меҳмонхоналар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган "Хавфсиз меҳмон уйи" мавзусида тренинг машғулотлари ўтказилди.

Ҳудуддаги уй меҳмонхоналарини бошқараётган тадбиркорлар иштирок этган тренингда мутахассислар томонидан ёнғин хавфсизлиги қоидалари, умумий овқатланиш стандартлари, гигиена ва хоналарнинг санитар ҳолати, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда тиббий қутичадан фойдаланиш услублари кўрсатиб берилди.

Икки кун давом этадиган тренинг якунида иштирокчиларга "Хавфсиз меҳмон уйи" Халқаро сертификати топширилади.

Янгиқўрғон туман ҳокимлиги