Айни пайтда Янгиқўрғон туманидаги 71 та маҳаллаларда 109 464 нафардан ортиқ хотин-қизлар яшаб келмоқда.
Уларнинг аксарияти қишлоқ хўжалигининг турли соҳаларида, тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва касаначилик, томорқа ер майдонидан самарали фойдаланиш каби йўналишларда фидокорона мeҳнат қилиб кeлишмоқда.



15 октябрь - Халқаро қишлоқ аёли куни муносабати билан туманда бир қатор тадбирлар ташкилланмоқда. Хусусан, яқинда тумандаги Қўриқ махалласида ташкил этилган “Аёл соғлиги - юрт бойлиги” шиори остидаги спорт мусобақалари шулар жумласидандир. Тадбирда “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар ҳам фаоллик кўрсатдилар.
Ушбу тадбирда иштирок этган вилоят ижтимоий-психологик мослаштириш ва реабилитация маркази раҳбари Гулсора Рапиғалиева аёлларнинг жамиятдаги ўрнини эътироф этиб, туманда фаолият юритаётган “Хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш”, “Реабилитация маслаҳат хонаси” ҳамда “Ёшларни оилага тайёрлаш” марказларида бўлди ва қиз-аёллар билан дилдан суҳбатлашди.
Шунингдек, Г.Рапиғалиева иштирокида "Юмалоқтепа" махалласида “Бахтли оила - фаровон келажак” мавзусида тадбир ўтказилди. Унда аёлларнинг ҳунарли бўлиши, тадбиркорлик билан шуғулланишларининг афзалликлари ҳақида фикр юритилди. Маҳалладаги ҳунармандларга “Устоз-шогирд” анъанасига биноан бириктирилган 15 нафар ишсиз хотин-қизлар фаолияти кўздан кечирилди.
Янгиқўрғон туман ҳокимлиги





