Мамлакатимизда олиб борилаётган аксарият ислоҳотларнинг туб замирида аҳолини рози қилиш, даромад манбаини яратиш орқали уларнинг кайфиятини кўтаришдай мақсад мужассам.

Бугун Янгиқўрғон туманидаги 4-сектор раҳбарининг ташаббуси билан сектор ҳудудидаги 14 та маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари ҳамда ёшлар етакчилари учун кичик саноат зоналари ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналарига экскурсия уюштирилди.

Ушбу ижтимоий лойиҳадан кўзланган мақсад саноат корхоналарида мавжуд бўш иш ўринлари, шароитлар, имкониятлар билан танишиш ва маҳаллалари ҳудудида истиқомат қилувчи ишсиз фуқаролар ўртасида тарғибот ишлари олиб бориб, бандлигини таъминлашдир.

Экскурсия иштирокчилари, дастлаб Валижон Тожибоев бошқараётган "NUTSPRO” МЧЖ томонидан қора ғайнолини қайта ишлаш қўшма корхона фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шу ернинг ўзида мева қуритилади, унга ишлов берилади ва қадоқланиб экспортга йўналтирилмоқда. Айни кунда кооперация усулида иш олиб борилаётган бу корхонада 100 га яқин янги иш ўрни яратилди. Яна 300 ишчи кучига эҳтиёж бор.

Афзаллиги ишсиз ёшлар, хотин-қизлар маҳсулотни хонадонларига олиб кетиб, ишлов бериб, хизмат ҳақини ўз вақтида олишлари мумкин. Бу корхонада ойига ўртача 4 500 000 млн сўм даромад олиш имкони мавжуд.

Лойиҳанинг кейинги манзили момиқ сочиқ, халат каби маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи "Аминжон Халима текстиль" МЧЖ бўлди.

Ҳар икки корхона фаолиятини ўрганган ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари ҳамда ёшлар етакчилари йўл, тушлик учун харажатлар корхона ҳисобидан бўлиши, иш бепул ўргатилиши каби қулайликлар ҳақида маҳалладаги ишсиз фуқароларга тушунтириб, уларни бўш иш ўрниларига жалб этиб, ҳудудларида ишсизликка барҳам беришга келишиб олдилар.

Янгиқўрғон туман ҳокимлиги