Аввал хабар берганимиздек, давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бу борада ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Янгиқўрғон тумани вакиллари бириктирилган Қораўзак тумани "Қуралпа" овул фуқаролар йиғинида бўлиб турибдилар.
Бугун Янгиқўрғондан "Қуралпа"га ижтимоий кўмак карвони етиб борди.



Ҳудуддаги 21-умумтаълим мактабида Янгиқўрғон тумани ҳокими А.Нажмиддинов 300 нафардан ортиқ аҳоли вакиллари, оқсоқоллар билан самимий суҳбатлашди.
Унда қуралпаликлар ўзларини қийнаётган муаммолари билан мурожаат қилдилар. "Йўл харитаси"га киритилган бу муаммоларга биргаликда ечим топишга келишиб олинди.
Шундан сўнг аҳолига Янгиқўрғондан олиб борилган ун, ёғ, картошка, мевалар, шарбат каби озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Қуралпаликлар учун дастурхон ёйилиб, паловхонтўра улашилди.
Бир пиёла чой устида икки туман вакиллари ўртасида суҳбат янада қизиди.
Бундан ташқари янгиқўрғонликлар томонидан 150 нафар ўқувчига куртка, 2 та уй боғчасига 500 дан ортиқ ўйинчоқлар, 4 та мактабга ноутбук ҳамда китоблар тўплами, 25 та кам таъминланган оилаларга печлар тарқатилди.
Бундай эътибор, меҳр ва мурувватдан қувончларини яшира олмаган аҳоли дуога қўл очдилар.
Икки туман ўртасида дўстлик ришталари янада мустаҳкамланди.
Янгиқўрғон туман ҳокимлиги





