47- умумтаълим мактаби Янгиқўрғон туманининг чегара ҳудудларидан бири бўлмиш, баҳаво, атрофи боғу-роғларга бурканган Заркент қишлоғида жойлашган. Ушбу мўъжазгина илм даргоҳида ҳозирда 222 нафар ўқувчига 23 нафар педагоглар таълим-тарбия бериб келмоқда.

Бугун ушбу даргоҳда ўқувчилар ва педагогик жамоани руҳлантирган, катта мақсадлар сари илҳомлантирган “Ватан ва миллат тимсолларига эҳтиром – юксак маънавият кўзгуси” ҳамда “Муқаддасдир Ватан байроғи” номли маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Аппақов, "Ўздавкитобсавдотаъминоти" МЧЖ вилоят бўлими раҳбари, Усмон Носир ҳаёти ва ижоди бўйича мустақил тадқиқотчи Раҳимжон Ирисов, адабиётшунос олим, "Репетитор" газетаси лойиҳа муаллифи Муҳаммад Вали, шарқшунос, манбаашунос олим Аҳмад Убайдуллоҳ, шоир, ёзувчи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Боқий Мирзо, фахрий устоз Собиржон Отажонов, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмалари аъзоси Қамбар Хайдар, шоира ва адиба, бир неча халқаро мукофотлар соҳибаси Ўктамой Холдорова, хушовоз хонанда Хамиджон Маллабоев, туман халқ таълими бўлими раҳбари ўринбосари Шавкатжон Насриддинов, қизилёзилик шоир Муҳаммадшер Отабоевлар иштирок этдилар.

Тадбирни Мусохон Аппақов очиб берар экан мамлакатимизда маънавият ва маърифатга берилаётган мислсиз эътибор ва соҳадаги ислоҳотлар замирида инсон қадрини улуғлаш ётганини эътироф этди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида Наманган фарзанди, оташнафас шоир, драматург - Усмон Носирнинг жияни, адабиётшунос олима, адиба Нодира Рашидованинг “Усмоннома” номли икки жилдлик китоби, Муҳаммад Валининг “Муносабат мўъжизаси” ва “Юлдузларни порлатган ёғду”, Гулчеҳра Муродованинг “Ботиндаги бинафша” ва “Имдод” ҳамда Моҳира Абдиеванинг “Онажоним қувончи” номли китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, тадбирда Президентимизнинг 2022 йил 10 февралдаги “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорларига жавобан Наманган вилояти ҳокимлиги ҳомийлигида чоп этилган "Усмоннома" китобини нашрга тайёрлашда беминнат хиссасини қўшган Р.Ирисов, Муҳаммад Вали ҳамда Гули Муродларнинг меҳнатлари алоҳида эътироф этилди.

Ушбу 2 китоб Усмон Носирнинг 110 йиллигига Наманган вилояти ҳокимлиги совғаси сифатида мактаб фондига туҳфа этилди.

Тадбир давомида ўқувчилар ижросидаги “Гўзал Туркистон” қўшиғи остида жадидлар сиймоси шакллантирилган мусиқий композиция, она тилимиз ва байроғимизга бағишланган шеърлар ва бадиий чиқишлар ҳам ижодкорлар томонидан олқишланиб, фаол иштирок этган ўқувчилар муносиб рағбатлантирилди.

Бундай маънан залворли тадбирни ташкиллашда 47-сонли умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси, шоира ва ѐзувчи, “Репетитор” газетаси бош муҳаррири Гули Мурод ҳамда мактаб директори Моҳира Абдиеванинг хизматлари катта бўлди.

Янгиқўрғон туман ҳокимлиги