Ёшлар тарбияси, оилавий ажримлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш - тадбирнинг бош мавзуси бўлди

Бугун Янгиқўрғон тумани ҳокимлигида Олий Мажлис Сенати аъзоси, Сенатор, вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов бошчилигида ҳудудларда ижтимоий-маънавий, диний-маърифий вазият барқарорлигини таъминлаш мавзусига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда ҳалқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, туман "Нуронийлар" жамоатчилик кенгаши вакиллари, "Кексалар маслаҳати" гуруҳи аъзолари, фаол нуронийлар ҳамда имом-хатиблар, хотин-қизлар фаоллари, умумтаълим мактабларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, тарғиботчилар иштирок этдилар.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-408-сон қарори мазмун-моҳияти ҳамда ушбу қарордан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди. Кун тартибидаги масалалар билан биргаликда бугунги кунда ҳароратни кескин совиб кетиши сабабли айрим ҳолларда табиий газ ва электр энергиясидаги узилишлар бўлаётганлиги, бу - вақтинчалик ҳолат эканлиги, сабрли бўлиш ҳақида аҳолига тўғри тушунтириш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, бугунги тадбир иштирокчилари ҳамда бошқа мутасаддилар олдида турган ажримларнинг ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ёшлар тарбияси, аҳлоқи, уларни турли ёт ғоялардан асраш, табиий неъматларни исроф қилмасликни тарғиб қилиш, томорқадан оқилона фойдаланиш каби вазифалар яна бир бор эслатиб ўтилди.

Учрашув сўнггида фаол нуронийлар Л.Рустамова, Х.Жамалов Х.Қудратовларнинг меҳнатлари эътироф этилди.

Учрашувда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Алаходжаев, вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсуновлар ҳам юқоридаги мавзулар бўйича ўз фикрларини баён этдилар.

Янгиқўрғон туман ҳокимлиги