Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасида давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниш принципи кафолатланган.
Бу судларнинг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши демакдир.
Фақат мустақил суд ҳокимиятигина ҳар бир фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши кафолат бўлиб хизмат қилади.
Суд ҳокимияти - бу судларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари устуворлиги принципига сўзсиз риоя қилиш асосида жиноий, фуқаролик, хўжалик ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ҳамда оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўриш бўйича ваколатидир.
Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, Конституциянинг 16-моддасига мувофиқ “Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас”.
Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас.
“Судлар тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ суд муҳокамасини қандай бўлмасин чеклашларга, бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатишга, таҳдид қилиш ёхуд суд фаолиятига мансабдор шахс ёки фуқаронинг қай тарафдан ва қандай масалада бўлмасин аралашишига йўл қўйилмайди.
Конституциянинг 44-моддасида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Бу суднинг чинакам адолат қўрғони сифатида фаолият олиб бориши зарур ва шарт эканлигининг ифодасидир.
Рустамжон БОЙҚОРАЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Янгиқўрғон туманлараро суди судьяси





