Бугун 4-умумтаълим мактаби жамоаси, ўқувчилари ҳамда қизилқиёкликлар учун қувончли воқеа юз берди. Бунинг сабаби мактаб ҳовлисида "Очиқ бюджет" ташаббусли лойиҳада ғолиб бўлган, 600 млн.сўм маблағ эвазига бунёд этилган усти ёпиқ стадион фойдаланишга топширилди.

Бу ўз навбатида мактаб ўқувчилари ҳамда спортсевар қизилқиёқликлар учун спорт билан мунтазам шуғулланишлари, жисмонан чиниқишлари учун айни муддао бўлди.

Стадионнинг очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят "Нуроний" жамоатчилик кенгаши раиси И.Нажмиддинов, вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи А.Аълоходжаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари М.Аппақов, шунингдек, маҳалла нуронийлари, кенг жамоатчилик, мактаб ўқувчи ва ўқитувчилари иштирок этдилар.

Тадбирда сўз олган И.Нажмиддинов ёшларни, маҳалла вакилларини ушбу иншоот билан табриклади ва юртимизда, айниқса ёшлар камолоти давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, бу борада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг спорт мусобақаларида бир қанча натижаларга эришган ўқувчилар эътироф этилиб, рағбатлантирилди.

Таъкидлаш жоизки, тадбирда 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни олдидан икки нафар якка тартибда таълим оладиган ўқувчиларга туман ҳокимлиги ҳамда туман "Нуронийлар" жамоатчилик кенгаши томонидан тикув машинаси ҳамда ногиронлик аравачаси топширилди.

Шу куни мактабда бунёд этилган янги спорт иншоотида марҳум ўқитувчи Раҳимжон Нажмиддинов хотирасига бағишлаб турнир ўтказилди ва эҳсон уюштирилди.

Янгиқўрғон туман ҳокимлиги