Янгиқўрғон туманидаги "Фирдавс" мажмуасида "Мурувват ойлиги" ҳамда 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Туман ҳокимлиги, туман Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими, туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими, "Соғлом авлод учун" халқаро фонди, туман Ногиронлар жамияти ҳамда Кўзи ожизлар жамияти билан ҳамкорликда 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан 200 нафарга яқин имконияти чекланганлар учун тадбир ташкилланди.



Унда туман ҳокими Асадулло Нажмиддинов давлат раҳбари томонидан мамлакатимизда имконияти чекланганлар учун қаратилаётган эътибор, уларга яратилаётган кенг имкониятлар, имтиёзлар тўғрисида тўхталиб ўтди ва тадбир сабабчиларига эзгу тилакларини изҳор этди.
Байрам тадбирида муҳтожларга 8 та ногиронлар аравачаси, 3 та эшитиш мосламаси, 6 ҳасса ҳамда 6 та қўлтиқтаёқ, жами 20 та реабилитация техник воситалари берилди.
Бундан ташқари тадбир иштирокчиларига туман ҳокимлиги томонидан эсдалик совғалари топширилди, ногиронлиги бор байналмилалчи жангчиларга ҳам эҳтиром кўрсатилди.
Туман Маданият маркази ходимлари томонидан ижро этилган шўх куй-қўшиқлар тадбир сабабчиларига кўтаринкилик бахш этди.
Тадбирда, шунингдек, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими вакиллари ҳам иштирок этдилар.
Янгиқўрғон туман ҳокимлиги





