2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Ушбу Қонун асосида 2017 йил 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ““Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги №ПҚ-27523-сонли Қарори қабул қилинди.
Аввало, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти тўғрисида гапирсак, ушбу Қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
“Коррупция”-сўзининг маъноси нима? деган саволга жавоб берадиган бўлсак, коррупция —бу шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш; коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик — коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонунчиликда жавобгарлик назарда тутилган қилмишдир.
Мазкур Қонунда манфаатлар тўқнашуви ҳақида тушунча берилиб, бу — шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Қонунда коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик деганда— коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонунчиликда жавобгарлик назарда тутилган қилмиш ҳисобланиши кўрсатиб ўтилган.
Қонунда коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборатдир:
Яъни, булар қонунийлик; фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги; очиқлик ва шаффофлик; тизимлилик; давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги; коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принцияплариКоррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўлиб, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш; давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш; коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш ҳисобланади.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари қуйидагилардан иборатдир:
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонунчиликка мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширади.
Ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда ва давлат органларида ишлаётган ходим ўз хизмат вазифасини виждонан бажариши, раҳбариятнинг кўрсатма ва топшириқларига маъсулият билан ёндашиши ҳамда коррупциоген вазиятларни пайдо бўлишига йўл қўймаслиги лозим.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, коррупцияга қарши курашиш давлат ва нодавлат ташкилотлари, улар мансабдор шахслари ва ҳар бири фуқаронинг бурчи ҳисобланади. Бу борада суд, давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролар ўзаро ҳамжиҳатликда иш олиб боришлари, коррупция деган жирканч иллатни таг-томири билан йўқотишда камарбаста бўлишлари ҳамда юртимизнинг равнақи ва келажаги учун ўз ҳиссаларини қўшишлари лозимдир.
Б.Касимов,
Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг раиси
Р.Бойқораев,
Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро суди судьяси





