Янги ислоҳотлар даврида давлат раҳбарининг у ёки бу соҳага алоҳида эътибор қаратиши, айни шу соҳадаги ютуқ ва камчиликларнинг холисона таҳлили, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлиги хусусидаги кўрсатмалари ишга унум бахш этади.



Чунончи, сўнгги йилларда Юртбошимиз томонидан маданият, санъат соҳасига қаратилаётган эътибор, бу йўналишда қабул қилинаётган қарорлар ижроси натижасида маданият ва санъат ходимларининг фаолиятида туб бурилишлар ясалди, десак муболаға бўлмайди.
Хусусан, Янгиқўрғон туман Маданият маркази ходимлари ҳам соҳада олиб борилган ислоҳотлар туфайли буткул янги йўналишда фаолият олиб бормоқдалар. Эътироф этадиган жиҳати, муҳташам Маданият маркази биноси 5 млрд. сўм маблағ эвазига замонавий кўриниш касб этиб, аҳолининг барча қатламлари вакилларини турли тўгаракларга жалб қилиш учун шароитлар яратилди.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Наманган вилоят прокуратураси ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида соҳа вакиллари дуч келаётган муаммолар ечимига эътибор қаратилди. Хусусан, туманнинг барча ҳудудларида хизмат вазифасини адо этаётган маданият бўлими ходимлари учун транспорт воситаси зарурлиги маълум бўлди.
Бугун Бош прокуратура ташаббуси билан туман ҳокимлиги томонидан маданият бўлими ходимлари "Дамас" автомобили билан таъминланди.
Тақдирлаш маросимида туман сектор раҳбарлари, Бош прокуратура ва вилоят прокуратура, вилоят Маданият бошқармаси вакиллари ҳамда маданият ходимлари иштирок этдилар.
Тадбир якунида меҳмонлар марказда фаолият юритаётган тикувчилик, каштачилик, Халқ театри, раққосалик каби тўгараклар фаолиятини кўздан кечирдилар.





