Дунёда ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайдиган неъмат - тинчлик бор экан, юртимиз осуда, осмонимиз мусаффо, ҳар биримиз бахтиёр умргузаронлик қилмоқдамиз.

Ана шу тинчликни таъминлашда миллий армиямизнинг куч-қудрати, Ватанига садоқатли, азму шижоатли, салоҳиятли ҳарбий хизматчиларимизнинг, бағрикенг ва олижаноб халқимизнинг ҳамжиҳатлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугун Қуролли Кучларимиз ташкил топганлигининг 31 йиллиги ва "Ватан ҳимоячилари куни" муносабати билан Янгиқўрғон туманида ҳам турли тадбирлар ташкил этилди.

Жумладан, Янгиқўрғон тумани ҳокими Асадулло Нажмиддинов, туман прокурори Қобилжон Аҳмаджонов, ҳоким ўринбосарлари, ташкилот раҳбарлари, нуронийлар тумандаги 9201-сонли ҳарбий қисмга қарашли 6-, 7- ва 8- чегара қўриқлаш взводларидаги ҳарбий хизматчилар билан учрашиб, байрам билан муборакбод этдилар.

Тадбирда хизмат давомида намуна кўрсатаётган 24 нафар ҳарбий хизматчилар туман ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари ва ташаккурномалари билан тақдирландилар.