Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2022 йил 20 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ва Ўзбекистон халқига мурожаатида 2023 йилда амалга ошириладиган 6 та устувор вазифалар белгиланди. Шундан 2-устувор йўналишда таълимни ҳамда маҳалла институтини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.



Президент топшириғида 2023 йилда ҳар бир маҳалла ўзининг кутубхонаси, спорт майдончасига эга бўлиши зарурлиги алоҳида эътироф этилганди.

Президент мурожаатномаси ижросини Наманган вилоятида босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, Янгиқўрғон туманидаги 71 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бирига 40 донадан жами 2240 дона китобларни Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан етказиб берилди.

Китобларни ўзини ўзи бошқариш органларига тарқатишдан мақсад ҳар бир маҳаллада ўз кутубхонасини ташкил қилиш, аҳолини китобга бўлган қизиқишини ортириш, маҳалла аҳлининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва маҳаллаларнинг маънавий хазинахонасини янада бойитишдан иборатдир.

Дарҳақиқат, инсонга китобдан яхшироқ дўст йўқ дунёда. Бинобарин, бугун маҳаллаларга улашилган нодир адабиётлар ҳам минг-минглаб одамларни ўзига ошно этади, албатта.

Китоблар тақдимотида сенатор Икромхон Нажмиддинов, вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Алоходжаев, Республика Маънавият ва маърифат Маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Аппақов, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Аҳмаджон Мукаррамов, туман ҳокими Асадулла Нажмиддинов ва тумандаги ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.

Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги