Мамлакатимизда жорий этилган "Очиқ бюджет" ахборот портали орқали фуқароларнинг ўзлари яшаб турган маҳаллаларини обод қилиш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича кенг имкониятларни тақдим этмоқда.

Бунда жойларда қизғин кечаётган "Ташаббусли бюджет" жараёнларида умумтаълим мактаблари жамоалари ҳам фаол иштирок этиб, илм масканларида мавжуд муаммоларни бартараф этмоқдалар.

Хусусан, Янгиқўрғон туманидаги 14-умумий ўрта таълим мактабида замонавий типда қад ростлаган сунъий қопламали минифутбол майдони мактаб ўқувчилари ва маҳалла фаолларига бирдай қувонч бағишлади. Эндиликда ўқувчилар ҳамда маҳалла ёшлари ёғинли, қуёшли кунларда ҳам усти ёпиқ министадиондан фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар.

Ушбу иншоот қисқа фурсатларда "Grand sanoat loyiha" МЧЖ томонидан 650 млн. сўм маблағ эвазига барпо этилди.

Футбол майдонининг фойдаланишга топшириш маросимида иштирок этган туман ҳокими Асадулло Нажмиддинов мамлакатимизда бугунги кунда рўй бераётган ислоҳотлар натижасида ёшларга кенг имкониятлар ва шароитлар яратилаётгани, эндиликда мактабларда янада таълим сифатига жиддий эътибор қаратиш, ҳар томонлама қатъий позицияга эга ватанпарвар ёшларни тарбиялашимиз ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари билдирди.

Тадбирда минифутбол қурган масъулияти чекланган жамият мутасаддиларига миннатдорчилик билдирилди.

Тадбирда маҳалла фаоллари, сектор раҳбарлари, мактаб директорлари иштирок этишди

Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги