Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимизга Мурожаатномасида мактаб ўқувчиларини камида иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш устувор вазифа этиб белгиланган эди.
-Мактабдан касб ва тилни билиб чиққан бола жамиятимизнинг катта ютуғи, билмагани муаммо, - дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.



Юқоридаги вазифалар ижроси юзасидан энди туман ва маҳаллаларнинг хусусиятларидан келиб чиқиб, ўқувчилар мактабнинг ўзида 64 хил ишчи касбларга ўргатилиши кўзда тутилмоқда.
Бугун Янгиқўрғон туманидаги 10-Давлат ихтисослашган умумтаълим мактабида ташкилланган семинарда ҳам ёшларнинг хорижий тилларни ҳамда касб-ҳунар ўрганишлари учун яратилган шароитлар билан танишилди.
Айни кунда мактабнинг ички имкониятлардан келиб чиқиб, тикувчилик, дурадгорлик, пишириқ тайёрлаш, аёллар сартароши, ошпаз, дурадгор, ҳамширалик, чилангарлик каби 14 та касб-ҳунарларни ўргатиш учун шароит қилинди. Бугунги кунда ўқувчи ёшлар томонидан бу касблар сирлари зўр иштиёқ билан ўрганилмоқда.
Масалан, тикувчилик, пишириқ пишириш, дурадгорлик билан банд бўлган ёшларнинг тайёрлаган маҳсулотлари ўз харидорларини топишга ҳам улгурди.
Таъкидлаш жоизки, мактабда, шунингдек, инглиз тили, ментал арифметика, мусиқа, спорт тўгараклари ҳам кўплаб ўқувчиларни ўзига жалб этган.
Семинарда туман ҳокими Асадуллло Намжиддинов, туман ИИБ бошлиғи Р.Якуббаевлар иштирок этиб, ўқувчиларнинг мактабда билим олиш билан бирга эгаллаётган касблари келажакда аввало ўзлари учун фойдали эканлигини таъкидладилар.
Тадбирда тумандаги умумий ўрта таълим мактабларининг директорлари қатнашдилар.
Март ойининг 10 санасига қадар туманимиздаги яна 15 та мактабда ана шундай семинарлар ўтказилиши белгиланган бўлиб, бунда чекка ҳудудлардаги нисбатан шароити етарли бўлмаган мактабларга алоҳида эътибор берилиши кўзда тутилмоқда.





