Обод турмушни ҳаётимизнинг файзу-фариштаси бўлмиш муҳтарама аёлларимизнинг оила ва жамиятдаги фаол иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Аёл деганда аввало мунис оналаримиз, опа-сингил, аҳлу аёлларимиз, шириндан-шакар жажжи қизларимиз кўз олдимизга келади.

Аёллар шарафига Тожмаҳаллар қурилган, бир дона ҳолига гўзал шаҳарлар фидо қилинган, шоирларга энг шоҳ сатрлар илҳомини берган, хукмдорларга улкан шаҳарларни обод этиш ғайратини бахш этган аёл зотини улуғлайдиган кунларимиз бор бўлсин!

Энг гўзал фаслнинг энг нафис байрамида хотин-қизларга эҳтиром кўрсатиш анъанаси йил сайин умумдавлат аҳамиятига эга бўлиб бормоқда. Жамиятнинг маданият даражаси, маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади.

Бугун Янгиқўрғон туман Маданият марказида тумандаги барча соҳаларда фаолият юритаётган мунис опа-сингилларимиз шарафига байрам тадбири ташкилланди.

Тадбирда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Баходир Кўпайсинов барча аёл-қизларни айём билан муборакбод этди.
Шундан сўнг 10-ДИУМ мактаби фахрий ўқитувчиси Дилором Исомиддновага "Мўътабар аёл" кўкрак нишони, аёлларга совғалар улашилди. Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси Бошқаруви раиси С.Турдиевнинг бир қанча меҳнат фахрийларига байрам табриги етказилди.

Тадбирда хушовоз хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Яхёбек Мўминов ижро этган шўх куй-қўшиқлар аёллар учун чинакам байрам тухфаси бўлди.

Маданият бўлими ходимлари томонидан тайёрланган концерт дастури тадбирга янада кўтаринкилик бахш этди.