Наврўзи олам ўзининг янгиланиш, баҳор нафасини бошлаб келиши, халқимизнинг табиати, онгу тафаккури, қалбига чуқур сингиб кетгани, ҳар қайси оила, ҳар қайси хонадонга шоду хуррамлик олиб кириши билан биз учун энг қадрли, азиз ва миллий байрамга айланган.

Айни кунларда юртимиз, хусусан, туманимиз бўйлаб унинг шукуҳи кезмоқда. Ҳар гўшада, маҳаллаларда ўтказилаётган Наврўз, сумалак сайллари бунга омил бўлмоқда. 

Жумладан, Салмон маҳалласи ҳудудидаги кенгликларда нафақат туманимиз вакиллари, балки вилоятнинг бошқа нуқталаридан келган меҳмонлар, туманимиз нуронийлари, фаоллари иштирок этдилар.

Кўкламга эсон-омон етиб келганликларига шукронаси сифатида эҳсон ўтказилди, дошқозонларда халим, ошлар, кўк сомсаю чучваралар тайёрланди.

Болажонларнинг "Оқ терагим, кўк терак", арқон тортиш, топтош, онахонларнинг лапарлари, келин саломи, ёш спортчиларнинг миллий кураш, камондан отиш каби ўйинлар барчага байрамона завқу шавқ бағишлади.


Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззаков, сенатор, вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Икромхон Нажмиддинов, Халқ қабулхонаси вилоят бўлими раҳбари Баҳодир Юсуповлар халқни байрам билан муборакбод этдилар, деҳқонларимизнинг ишларига, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда унумдорлик, барака тиладилар.

Сайл давомида бўлиб ўтган кўпкари ўйинида қўшни республикадан келган чавандозлар ҳам иштирок этиб, чаққонликларини намойиш этдилар.

Нуронийлар, ўрта авлод ҳамда ёшлар иштирок этган халқ сайли ўзига хос "Уч авлод учрашуви"га уланиб кетди.

Дуога қўл очган барча юртга тинчлик, осудалик, ривож тиладилар.