Наврўз - азалдан чинакам эзгулик, яшариш, меҳр-мурувват, урф-одат ва қадриятларимиз намояндаси сифатида асрлар ошса ҳам ўзининг таровати, саховатини йўқотмаганлиги, қалбларга яқинлиги билан қадрлидир. Янгиқўрғон туманида ҳам “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайллари шоду хуррамликда ўтди.

Эрта тонгдан Мустақиллик майдонида барча маҳаллалар жамоалари қозон осиб, ош танловига тайёргарликни бошлашди. Аёллар ижро этган лапарлар, келин салом, арқон тортиш каби миллий ўйинлар барчага байрамона кайфият бахш этди.

Хотин-қизлар фаоллари томонидан дошқозонга солинган баҳорий таом - сумалак қалбларга баҳорий кўтаринкилик, эзгу тилаклар изҳори, шукроналик ҳисларини жо этди.

Туман Маданият маркази ходимлари томонидан тайёрланган концерт дастури барчани янада шодлантирди. Туман ҳокими Асадулло Нажмиддинов янгиқўрғонликларни умумхалқ байрами билан қутлаб, самимий тилакларини изҳор этди. Поромонлик ҳамюртимиз, тарих фанлари номзоди, доцент Бахтиёр Исоқов ҳам янгиқўрғонликларни баҳорги тенг кунлик, шарқона янги йил билан муборакбод этди.

Тадбирнинг авж палласида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Яҳёбек Мўминов ҳамда сўз усталари Искандар Ҳамроқулов ва Соҳибжон Мамасолиевларнинг чиқишлари тадбирга файз киритди.