Янгиқўрғон тумани "Машъал" маҳалла фуқаролар йиғинида "Фаровон оила сари" мавзусида маънавий тадбир бўлиб утди. Унда бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова, вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Динара Якубова, туман ҳокими Асадулло Нажмиддинов, "Оқила аёллар" ҳаракати вилоят ҳамда туман ҳаракати фаоллари, маҳалла бешлиги, кўчабошилар, ҳудуд ҚВП ходимлари ва 4-сектор ҳудудидаги хотин-қизлар фаоллари, нуронийлар иштирок этдилар.



Тадбирда З.Маҳкамова мамлакатимизда хотин-қизларнинг бахтли, ҳаётдан рози бўлиб яшашлари, ҳунарли бўлишлари учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар, ислоҳотлар, аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида фикр юритди.

- Биз, аёллар кекса авлод билан ёшларни боғлаб турувчи занжирмиз. Аёл жамиятдаги, оиладаги мувозанатни ушлаб туради. Миллатни, қадриятларимизни асраб-авайлаб, ёш авлодга етказиб бериш бизнинг вазифамиз. Шундан келиб чиқиб ҳар бир аёл зиммасидаги бу каби вазифаларга, масъулиятга виждонан ёндошиши бугуннинг талабидир, - деди ўз сўзида З.Маҳкамова.

Тадбирдан сўнг К.Алихўжаева ва С.Турсунхўжаевалар хонадонларида бўлиб, уларни қийнаётган муаммолари ўрганилди.