Тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган “Уч авлод учрашуви” каби маънавий-маърифий тадбирлар халқимиз ҳаётида гўзал анъанага айланди.
Бугун Қораполвон Маданият марказида ташкилланган ана шундай учрашув уч авлод вакиллари иштирокидаги дийдорлашув тадбирига айланди.



Туман ҳокими Асадулло Нажмиддинов очиб берган тадбирда мамлакатимизда инсон омилига юксак эътибор берилаётгани, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жамиятимизнинг ҳар бир аъзосига ғамхўрлик, меҳр-оқибат кўрсатилаётгани, инсон қадр-қиммати, унинг орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга имконият яратиб бериш устувор вазифага айлангани таъкидланди.
Ёши улуғ отахон ва онахонларимиз ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, меҳнат палласидаги машаққатлар, ниҳоят, нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз дил сўзларини, самимий фикрларини билдирди. Эл-юрт равнақи йўлида мамлакатимиз раҳбарига яқин кўмакчи, камарбаста бўлиш лозимлиги уч авлодга мансуб юртдошларимиз ўртасида кечган самимий суҳбатларнинг бош мавзусига айланди.
Тадбирда Қораполвон заминида узоқ йиллар давомида туну кун ўз оромидан, соғлиғидан, хотиржамлигидан кечиб қишлоқдошларининг фаровон турмуш кечиришлари учун фидоийлик кўрсатган кўплаб ватанпарварлар ҳаёти ҳақида видеоролик намойиш этилди.
Шундан сўнг тадбирга ҳамоханг равишда "Қўша қариш саодати" тадбирида 2 нафар 55-60 йил давомида тинч-тотув яшаб, фарзандларини эл-юрт корига ярайдиган қилиб вояга етказган оила бошлиқлари ёш оилаларга ўрнак сифатида кўрсатилди.
Тадбирда қишлоқ ривожига ҳисса қўшган кексалар рағбатлантирилди.
7-умумтаълим мактабининг аълочи ўқувчилари учун китоблар жамланмаси совға қилинди.
Шундан сўнг "Қораполвон ота" зиёратгоҳида тушлик ташкилланди. Тадбир туман "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди ҳамда вилоят "Нуроний" жамғармаси ҳомийлигида ўтказилди.





