Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 24 ноябрдаги  “Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги   670-сонли қарорига асосан Янгиқўрғон туманида аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб бир қанча ишлар амалга оширилди.

Хусусан, қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош бўлган Оқ том маҳалласида мавжуд тиббий пунктдаги шароитни яхшилаш бўйича аҳолининг қилган  мурожаати ҳам ана шу қарор асосида ечимга йўналтирилди.

Натижада ўтган асрнинг 60-йилларида фаолиятини бошлаган фелдшер акушерлик пункти бугун 62-Оилавий поликлиника филиали - Оқ том маҳалла тиббиёт пункти  сифатида фойдаланишга топширилди.

Ушбу масканнинг замонавий кўринишга келтириш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, зарур шароитларни яратиш учун 1 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.

Тиббий пунктнинг очилиш маросимида вилоят ҳамда туман ДХХ вакиллари, туман сектор раҳбарлари, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти ҳамда маҳалла нуронийлари, фаоллари иштирок этдилар.

Маҳалла нуронийлари оқтомликлар номидан уларга кўрсатилган бундай эътибор ва ғамхўрликдан миннатдорлик билдирдилар.

Шундан сўнг маҳалла аҳолиси учун туман ва вилоятдан келган мутахассислар томонидан тиббий кўрик ташкилланди.