Заркент маҳалласи, "Юксалиш" кўчасида ажойиб тадбир бўлиб ўтди. "Нуроний" жамғармаси туман бўлими маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда ташкил этган "Қўша қариш саодати" тадбирининг бош қаҳрамонлари Ўлмас ота ва Озода опа Тўхтасиновлар бўлди.



Ўлмас ота ва Озода опа 61 йиллик ҳамжиҳатликдаги турмушлари давомида 6 нафар фарзандли бўлдилар. Рассом бўлмиш ота, боғча тарбиячиси бўлган она фарзандларига ҳалолликни, тўғриликни, самимийликни ва оқибатли бўлишни сингдирдилар. Ўз ҳаёт йўллари билан қишлоқдошларига ибрат бўлган жуфтлик бугун ҳам фарзандлари, набиралари, қўни-қўшнилар эъзозида умргузаронлик қилмоқдалар.
Тадбир давомида нуронийлардан М.Маҳмудов Ў.Тўхтасиновнинг босиб ўтган ҳаёт йўллари, туман ривожига қўшган ҳиссаларини ёдга олди. "Нуроний" жамғармаси туман бўлими раҳбари М.Дадабоев туман ҳокимлиги номидан уларнинг меҳнатларини эътироф этиб, совға топширди.
Тадбирда, шунингдек, кексаларни тиббий кўрикдан ўтказиш, 1+10 тамойили асосида иш ташкиллаш самарадорлиги ҳамда кексаларнинг ёш оилаларни мустаҳкамлашдаги ўрниларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Куй-қўшикларга уланган тадбир файзли ўтди.





