Амалдаги қонунчиликка кўра, ижро ҳужжати бўйича қарздор ундирилиши лозим бўлган қарздорликни ўз вақтида тўламаса, давлат ижрочиси томонидан маъмурий жарима қўлланилади. Ушбу жариманинг миқдори, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, фуқароларга нисбатан 330 минг сўмдан 1 миллион 650 минг сўмгача, мансабдор шахсларга нисбатан 1 миллион 650 минг сўмдан 3 миллион 330 минг сўмгача белгиланган. Айнан жорий йилнинг 5 июль кунидан кучга кирган “Ижро ҳужжатларини ижро этмаганлик учун солинадиган маъмурий жарима миқдорини белгилаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонуни муҳим аҳамиятга эга бўлди. Яъни, эндиликда қўлланадиган жариманинг миқдори ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан юқори бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Шунингдек, янги қонун билан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда маъмурий жазо қўллашга фақат Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат ижрочиси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бош давлат ижрочилари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, Мажбурий ижро бюросининг туман-шаҳар бўлимлари бошлиқлари ҳақли эканлиги кўрсатилди. Наманган шаҳар ва туманларда кенг жамоатчилик иштирокида бўлиб ўтаётган тарғибот тадбирларида киритилган ўзгариш ва қўшимчалар ҳақида батафсил тушунча берилмоқда.
Хусусан, Бюронинг Наманган вилоят бошқармасида ўтказилган давра суҳбатида кодексга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишига ҳамда ижро ҳужжатини ижро этмагани учун қарздорга нисбатан адолатли жарима тайинланишига хизмат қилиши ҳақида тушунчалар берилди.
Бу каби тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
И.Саитқулов,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма
катта прокурори





