Мамлакатимизда ўрнатилган қонун-қоидалар борки, уларга риоя қилмаслик жиноий ҳаракат сифатида баҳоланади.

Суднинг қора курсисида ўтирган Равшан Хамидов (исм-шарифлар шартли) суғориладиган ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳаракатида бўлди.
Ушбу мақсадда у “Тўйчи Неъматов Бекобод” агрофирмаси ҳудудида “Янгиқўрғон туман агро пилла” МЧЖга қарашли бўлган 0,016 гектар тутзор ер майдонида ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжатларсиз, ер майдонини атрофдан ажратиб олиш мақсадида қурилиш ишларини амалга оширган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.06.2019 йилдаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5742-сонли Фармонининг 5-бандида суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари махсус муҳофазага олиниб, ушбу ерларни қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларга, шу жумладан саноат ва фуқаролик объектлари (бинолар ва иншоотлар) қурилиши учун ажратилишига йул қўйилмаслиги, Ўзбекистан Республикаси Президентининг қарори билан ажратиладиган ерлар бундан мустаснолиги ҳамда “Ер Кодекси”нинг 43-моддасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни қишлоқ хўжалигидан ўзга эҳтиёжлар учун бошқа тоифадаги ерларга ўтказишга алоҳида ҳолларда ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ йўл қўйилиши белгилаб қўйилган.
Ана шу нормаларга риоя қилмаган Р.Хамидов қонун талабларига зид равишда суғориладиган экин ер майдонларини муомаладан чиқишига йўл қўйиб,  қурилиш ишларини амалга ошириши оқибатида 14.658.033 сўм миқдорда зарар етказган.
Судда Р.Хамидов айбига тўлиқ иқрор бўлиб, “Янгиқўрғон туман агро пилла” МЧЖга қарашли бўлган тутзордан фойдаланиб, қурт боқиш ишлари билан шуғулланиб келганлиги, тутзор 1 га ер майдонида ташкил этилган бўлиб, ҳар йилги пилла мавсумида шахсан ўзи ва маҳаллий фуқароларга пилла тутиш учун шарт-шароит яратиб бериб келишини, бир неча йиллардан бери тутзорнинг бир томонида 8 сотихли ер майдони бўш турганлиги, шу сабабли ҳам ушбу жойда келгусида қурт боқиш учун иморат қуришни бошлаганини, қурилишни амалга ошириш учун ҳеч бир ташкилотлардан рухсат олмаганини, ҳозирда қурилиш ишлари тўхтатилиб, бино бузиб ташланганлигини, қилган ишидан пушаймонлигини баён қилди.
Судланувчи Р.Хамидов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2291-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2291-моддаси 2-қисми билан озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Илхомжон Рахманов,
Наманган вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори
Азизхўжа Маматхўжаев,
Янгиқўрғон туман прокурори ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи