Янгиқўрғон тумани, "Тиллатепа" маҳалласининг фарзанди Исматилла Сотимбоев бугун замонамиз қаҳрамонига айланди.

Шарқий ҳарбий округининг 52788-ҳарбий қисмида контракт асосида бир ойлик ҳарбий хизматни ўтаётган Исматилла қисқа фурсат ичида ўзининг чин эр йигитга мос ватанпарварлик хислатларини, чаққонлигию шижоатини, ҳарбий маҳоратини ибратли намойиш этиб келмоқда.

Шу боис у "ArMI-2022" VIII халқаро армия ўйинларида иштирок этиши учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоаси таркибига олинди. Ва натижа ўзини кўп куттирмади.

Исматилланинг ҳарбий десантлик кўникмалари муносиб баҳоланиб, VIII Халқаро армия ўйинларида 2-ўринга сазовор бўлиб, кумуш медалини қўлга киритди.

Бугун "Тиллатепа" маҳалласидаги Исматилла таҳсил олган 24-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган "Замонамиз қаҳрамони" номли тадбирда қаҳрамонимизнинг яқинлари, устозлари ва бир қатор меҳмонлар жам бўлдилар.

Тантанали тадбирда вилоят Мудофаа ишлари бўйича бошқарма,  Шарқий ҳарбий округ Фахрийлар Кенгаши, туман ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими, вилоят Фахрийлар Кенгаши,  Мудофаа ишлари бўйича туман бўлими ҳамда  Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда сўз олганлар Исматилланинг ота-онаси, бобоси, устозларига ўз хулқи, салоҳияти, ватанпарварлиги билан барча ёшларга ибрат бўла олган авлод тарбиялашгани учун миннатдорчилик билдирдилар ва эсдалик совғаларини топширдилар.