Дарҳақиқат, томорқадан унумли фойдаланишни билган одам учун томорқа яхшигина даромад манбаи бўла олади.
Янгиқўрғонлик тадбиркор Ойбек Йўлдошев бундан 3 йил аввал енгни шимариб, ақл билан иш юритди ва томорқасининг 1 сотиҳ ер майдонида иссиқхона ташкил этди.



-Билганга томорқа кони фойда-, дейди О.Йўлдошев. -Ерга меҳр, ишлов берилса, дастурхон тўкин, рўзғор бут бўлишига амин бўлдим. Томорқа катта рўзғорни бемалол тебратади. 1 сотиҳли иссиқхонамизнинг ўзидан йилига 15 млн.га яқин даромад оламан. Унда етишаётган помидор қиш кунлари ҳам дастурхонимизни безаб туради.
Деҳқончиликнинг ҳадисини олган Ойбек аканинг гапида жон бор. Ернинг ҳар бир қаричини бўш қолдирмай, унумли фойдаланиб, озгина тер тўкилса, албатта меҳнат ўзи натижасини беради.
Ойбек Йўлдошев жорий йилда томорқасининг яна бир сотиҳида иссиқхона ташкил қилиб, брокколи кўчатларини экди. Мақсад - ундан ҳам юқори даромад олиш.
Булардан ташқари тадбиркорнинг томорқасида рўзғор учун зарур бўлган картошка, нўхот, қовоқ, сабзи, пиёз каби маҳсулотлар етиширилмоқда. Бу ўз навбатида рўзғорга барака киритибгина қолмай, фарзандларни меҳнат қилиб, ҳалол даромад топишга, саранжом-саришталикка ҳам ўргатади.
Суратда: О.Йўлдошев қизи Нозима билан ҳосил устида





