Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифлари чоғида мамлакатда иқлими узумчиликка мос туманлар кўплигини таъкидлаб, уларда ҳам Олтиариқ тажрибасини жорий қилиш,  бу орқали ҳам халқ истеъмолини таъминлаш, ҳам экспорт орқали даромадини кўпайтириш бўйича кўрсатма берилган эди. Ва ушбу мақсадда  жорий йилнинг 3 августида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2023-2026 йилларда узумчилик ва виночилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-260-сонли қарори ҳам эълон қилинди.

Қарорда 2023-2024 йилларда бир қанча туманлар қаторида Янгиқўрғон туманида ҳам узум плантацияларини ташкил этиш белгилаб қўйилди. Қарор ижроси юзасидан тумандаги "Ўн бир тол" массивининг 100 гектар ер майдонида Олтиариқ усулида ташаббускорлар  томонидан узумзор ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди.

Бугун мазкур ҳудудда узумчиликни ривожлантириш бўйича вилоят ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Унда Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги раҳбари Хусниддин Каримов, “SAG AGRO” МЧЖ in vitro лабораторияси раҳбари  Илёс Ҳайдаров, Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик ИТИ Самарқанд илмий тажриба станцияси бўлим бошлиғи Бахтиёр Мирзахидов, Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири, фан доктори Хамидулла Хасанов, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти бўлим бошлиғи Аҳмаджон Қосимов, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси илмий-тадқиқот институти лаборатория илмий ходими Миржалол Акбаровлар ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

Семинар давомида In vitro шароитида узум кўчатлари ва пайвандтагларни кўпайтириш, майизбоп ва хўраки узум навларини етиштириш агротехнологиялари, узум тупини кесиш, шакл бериш ва яшил қисмлари билан ўтказиладиган агротехник тадбирлар, узумзорларда учрайдиган касаллик ва зараркунандаларга қарши самарали кўраш чоралари кенг ёритиб берилди.

Ўқув-семинарда Янгиқўрғон тумани ҳокими Асадулло Нажмиддинов бошчилигида сектор раҳбарлари, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва агрофирмалар раҳбарлари,  Агентликнинг вилоят ва туман вакиллари ҳамда вилоятда узумчилик йўналишидаги ташаббускорлар иштирок этиб, мавзу бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.