Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 1 июндаги ПФ-82 сонли Фармонининг 14-бандига асосан ҳафтанинг ҳар жума куни "Меҳр ва саховат куни" этиб белгиланди.

Ушбу муносабат билан бугун Нанай қишлоғида жойлашган Нуронийлар дам олиш масканида  дастурхон ёзилиб, якка ёлғиз ва ногиронлиги бор фуқаролар бир пиёла чойга таклиф этилди.

Тадбирда иштирок этган туман ҳокими Асадулло Нажмиддинов барчани яқинлашиб келаётган давлат Мустақиллигининг 32 йиллиги билан табриклади. Ва вилоят ҳокимининг эътирофига сазовор бўлган, туманнинг ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган нуроний Муҳаммаджон Маҳмудовга Шавкатжон Абдураззаковнинг табригини ўқиб эшиттирди ва эсдалик совғаларини топширди.

Туман раҳбари, шунингдек, яқинда футбол бўйича "Водий биринчилиги"да ғолиб бўлган янгиқўрғонлик нуронийларни ғалаба билан қутлаб, совғалар улашди.

Тадбир иштирокчилари Юртбошимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликдан мамнун эканликларини билдирдилар. Туман Маданият маркази ходимлари ижросидаги шўх куй-қўшиқлардан барчанинг кўнгли янада шод бўлди.

Янгиқўрғон туман ҳокимлиги ахборот хизмати 

Тадбирда Ижтимоий ҳимоя миллий Агентлиги вилоят бошқармаси, туман "Нуронийлар" ҳамда "Саховат ва кўмак" жамғармалари, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлими вакиллари иштирок этдилар.