“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори асосида Бош прокуратурада мустақиллигимизнинг 32 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Видеоконференция орқали ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими, Бош прокуратура, Академия, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, Ҳарбий ва Транспорт прокуратуралари, прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирок этди.

Тадбирни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев кириш сўзи билан очиб, Давлатимиз раҳбари томонидан прокуратура органлари олдига қўйилаётган масъулиятли вазифалар моҳияти ҳақида тўхталиб, уларни рўёбга чиқариш учун бор имкониятларни ишга солиш лозимлигини таъкидлади.

Йиғилишда прокуратура органларининг фидойи ходимлари фаолияти ҳам Давлатимиз раҳбари томонидан юксак баҳоланаётганлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 августдаги Фармони билан прокуратура органлари ходимларининг бир гуруҳи Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди: 14 нафар ходим “Мардлик”, “Дўстлик” орденлари, “Жасорат”, “Содиқ хизматлари учун” ва “Шуҳрат” медаллари билан мукофотланди.

Тадбирда мукофотланганларга ушбу медаллар тантанали равишда топширилди.

Бундан ташқари, жиноятчиликка қарши курашиш ва қонунийликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ходимлар ҳам Бош прокурор томонидан рағбатлантирилди.

Шу билан бирга, 2022 йил якуни бўйича ўтказилган касбий танловлар бўйича "Энг яхши прокурор" (Янгиқўрғон тумани прокурори Қобилжон Ахмаджанов), "Энг яхши терговчи" (Бош прокуратура бошқарма терговчиси Фаррух Бегиев) ва "Энг яхши давлат айбловчиси" (Шайхонтоҳур тумани прокурорининг катта ёрдамчиси Марал Бердиқиличова) номинациялари бўйича ғолиб деб топилган ходимлар тақдирланди.