Янгиқўрғон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан туман Маданият марказида очиқ мулоқот ташкил этилиб, туманда фаолият юритаётган Маданият марказларининг фаолияти билан танишилди.



Ҳозирги кунда тумандаги 8 та Маданият марказларида аҳолига маданий хизмат кўрсатиб келаётган 78 нафар ходимнинг 47 нафари ижодий ходимлардир. Маданият марказлари қошида 500 нафардан ортиқ аъзоларни қамраб олган 19 йўналишдаги тўгараклар мажуд бўлиб, уларда 7 ёшдан 70 ёшгача ҳаваскор ҳамюртларимиз иштирок этиб келмоқдалар.
Маданият марказларидаги тўгаракларда таҳсил олган ёшлар орасида нуфузли олийгоҳлар талабалари, ансамбллар аъзолари ҳам бор. Мисол учун хореограф Б.Жўрабоевнинг 8 нафар шогирди ҳозирда Ўзбекистон Давлат хореография Академиясида таҳсил олмоқда.
Ш. Турғунпўлатова йигирма йилдан кейин фаолияти тикланган "Баҳор" ансамбли, С.Икрамова эса Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар рақс ансамблининг фаол аъзолари.
Яқинда Маданият марказининг "Шодиёна" фольклор жамоаси Навоий вилоятининг Нурота туманида бўлиб ўтган "Нурли наволар" II ҳалқаро фольклор фестивалида иштирок этиб, "Миллий қадриятларнинг энг яхши саҳнавий талқини" номинациясини қўлга киритди ҳамда Маданият ва туризм вазирлигининг диплом ва қимматбахо совғалари билан тақдирландилар.
Бундан ташқари марказнинг Халқ театри, Қўғирчоқ театри, "Шодиёна" фольклор ҳамда "Бойчечак" болалар жамоалари, амалий санъат тўгарак вакиллари вилоят ва республика, ҳатто халқаро миқёсидаги турли танловлар, фестивалларда иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритишмоқда.
"Ютуқларимиз сабаби бизнинг иноқлигимиз, ҳамжиҳатлигимиздадир", дейди жамоа вакиллари.





