Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 июндаги ПҚ 294–сонли қарорига асосан Ўзбекистон ёзувчилар ва журналистлар уюшмасининг аъзоси Қамбарали Иброҳимов (Қамбар Ҳайдар) таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан ижодкорнинг юбилей кечасини ўтказиш ва моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб қувватлашга доир Янгиқўрғон тумани ҳокимининг қарори қабул қилинган эди.
Ана шу қарорга асосан Янгиқўрғон туман Маданият марказида Қамбарали Иброҳимовнинг 70 ёши шарафланди.

Тадбир аввалида ижодкорнинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолиятига бағишланган видеролик намойиш этилди.

Шундан сўнг туман ҳокими Асадулло Нажмиддинов ижодкорни қутлуғ сана муносабати билан муборакбод этди. Нотиқ ўз сўзида Қамбарали Иброҳимов ўз йўли ва ўз қаламига эга бўлган ижодкорлигини, унинг номи билан эълон қилинган асарлар нафақат туманимизда, балки мамлакатимизда ҳам ўз ўқувчиларига эгалигини таъкидлади.
-Мен Қамбарали акани таниганимда туман газетасида бош муҳаррир эдилар. Ўша пайтларда “Меҳнат байроғи” номи билан нашр этилган туман газетасининг обуначилари 10 мингдан ортиқ бўлган. Газетанинг ҳар бир сонини тумандошларимиз сабрсизлик билан кутишар эди, -деди А.Нажмиддинов.

А.Нажмиддинов Қамбарали Иброҳимовга туман ҳокимининг фаҳрий ёрлиғи ва эсдалик совғаларини тақдим этди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда шоир ва адиб сифатида қайтадан танилган Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Қамбар Ҳайдарнинг “Катта йўлга туташ сўқмоқлар”, “Барҳаёт сиймолар”, “Сен баҳорим гулисан”, “Изҳор ёки кўнгил мавжлари”, “Мени кечир қизим”, “Азим дарё ирмоқлари”, “Бир шода марварид” каби асарлари ўз ўқувчиларини топиб улгурди.

Ёзувчининг асарлари замондошларимизни, айниқса ёшларни ҳалол меҳнатга, имон-эътиқодли, ватан равнақи йўлида гўзал мақсадлар билан яшашга, ўқимишли ва маънавий баркамол бўлишга ундайди.

Ўзига хос адабиёт, шеърият байрамига айланган  тадбир давомида юбилярни, шунингдек Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вакиллари, Тошкент ва Қашқадарёдан ташриф буюрган олимлар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими раҳбари Зиёвиддин Мансуров, Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими  раҳбари Мусохон Аппақов, “Нуроний”лар кенгашининг вилоят бўлими раҳбарлари, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаларининг вилоятдаги аъзолари, таниқли ижодкорлар Дилбар Ҳайдарова, Руқия Ғозиева, Лобар Рустамова, Ўктамой Холдорова, Носир Аббос, Акрам Усмон, Иброҳим Маҳкам, Муҳаммад Вали, Гули Мурод,  Абдулла Ғозиев, Боқий Мирзо, Муҳаммад Мирзо, Саидолим Абдурахмонов, НамДУ олимлари  З.Содиқов, М.Сулаймонов ҳамда туманда яшаб, ижод қилаётган ёзувчилар - "Янгиқўрғон ҳаёти" газетаси муҳаррири Дилбар Асқарова, шоир Муҳаммадшер Отабоев, нуронийлардан Дилоромхон Исомиддинова, туман фаоллари, ижодкорнинг яқинлари, оила аъзолари муборакбод этишди, адибга узоқ умр, ижодий зафарлар тиладилар.

Ха, шоирларсиз, ёзувчиларсиз, маънавиятнинг, маърифатнинг ярми кемтик. Шу жиҳатдан олиб қараганда, ҳар замонда ҳам адабиёт, шеърият жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда ўзига хос қудратга эга бўлган.

Ёшлар, ўрта авлод вакиллари иштирок этган тадбир ўзига хос уч авлод учрашуви тарзида кечди.

Кечада туман санъаткорлари томонидан Қамбар Ҳайдарнинг шеърлари билан айтилган қўшиқлар ижро этилди.

Адабий гурунг файзли дастурхон атрофида давом эттирилди.
Сўнг тумандаги таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида Қамбарали Иброҳимов билан ижодий учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилди.