Бугун тонгда туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари, фермерлар Янгиқўрғон туманидаги "Илҳом Бекзод Шерзод" фермер хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш  мавзусида ташкил этилган вилоят кўргазмали семинарида жам бўлдилар.

Семинарда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда дуч келинаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш ўз самарасини бераётгани таъкидланди. Томчилатиб, ёмғирлатиб, дискретли суғориш усулларининг афзалликлари мисоллар билан тушунтирилди.

Шунингдек, сув тежовчи технологияларидан фойдаланган фермерлар учун банк ва давлат томонидан бериладиган имтиёзлар (субсидия, кредит олиш, солиқ масалаларида) ҳақида ҳам батафсил тушунчалар берилди.

Семинарда Янгиқўрғон тумани ҳокими А.Нажмиддинов, вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқарма бошлиғи А.Абдусаломов, Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи М.Хошимов, Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти Наманган минтақавий маркази директори О.Имомназаров, вилоят Агробанк АТБ бўлим мудири М.Мамадалиев, Янгиқўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари М.Саидаҳмедов, "Илҳом Бекзод Шерзод" фермер хўжалиги раҳбари Т.Болтабоевлар мавзу юзасидан сўз олдилар ва семинар иштирокчиларини қизиқтирган саволларига жавоб бердилар.

Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати