Янгиқўрғон туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 апрелдаги 121-сонли қарорига асосан дала четларидаги ер майдонларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, ўтган ҳафтада Юртбошимиз раислигида туризм ва маданият масканлари имкониятини тўлиқ ишга солиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумини ташкил этиш масалалари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида берилган вазифалар ижроси юзасидан вилоят семинари бўлиб ўтди.

Семинарда дала майдонлари четларидан унумли фойдаланган ҳолда ток, тут, тол, терак кўчатларини экиш, улардан олинадиган даромад миқдори, бу мақсадларга ажратиладиган кредит маблағларидан самарали фойдаланиш, томчилатиб суғориш каби  мавзуларда Республика Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги директори Хусниддин Каримов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Анваржон Ҳакимов, туман ҳокими Асадулло Нажмиддиновларнинг тавсия ва кўрсатмалари тингланди.

Янгиқўрғон туманида кўрсатилган муддатда 873 та фермер хўжаликлари томонидан дала четларидаги 225 гектар майдонга 744 мингта кўчат  экиш  режалаштирилган. Бундан ташқари тумандаги коллектор-зовурлар қирғоқларидан самарали фойдаланишга ҳам эътибор қаратилади.

Семинарда агрофирма раислари, фермерлар, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар вакиллари, нуронийлар иштирок этдилар.

Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати