"Фарғона водийсида сувга эҳтиёткорлик билан муносабатни шакллантириш ва сувдан оқилона фойдаланишнинг инновацион ечимларини илгари суриш орқали сув ресурсларини тежашга кўмаклашиш" номли грант лойиҳаси доирасида бугун Янгиқўрғон туманидаги 45-умумтаълим мактабида тақдимот тадбири ўтказилди.

Тадбирда туман ҳокимлиги, экология бошқармаси, Ўзбекистон Экологик партияси туман Кенгаши, экология испекцияси, “Соғлом авлод учун” халқаро фонди туман филиали раҳбарлари, тумандаги бир қатор МФЙлари раислари ва вакиллари, “Яшил патрул” гуруҳи аъзолари ҳамда мактаб  жамоаси иштирок этдилар.

Лойиҳа раҳбари Рано Нуриддинова лойиҳанинг мақсадлари ва амалга оширилган ишлар юзасидан тақдимот қилди.

“Яшил патрул” гуруҳи аъзолари ва мактаб ўқувчилари лойиҳани амалга ошириш давомида олган билим ва кўникмаларини қизиқарли викторинада намойиш этиб, тадбир иштирокчиларига сувни тежаш ва сув билан боғлиқ статистик маълумотларни бердилар.

Шунингдек, "Сувсиз ер-жонсиз тана"  мавзусида расмлар ва макетлар танлови ташкил этилди.

Тадбирларда лойиҳа тренери Соҳиба Турғунова, координатор Икромжон Каримов, туман Сувоқава бўлими мутахассиси Улуғбек Жўрабоев, туман етакчиси Комилжон Рахматуллаевлар иштирокчи ёшларни ижодий ишларини баҳолаб ғолибларга рағбатлантирувчи совғалар топширишди.

"Гидрогел”  суғориш усули тажрибаси лаборатория  факултатив машғулоти  ташкил этилиб, томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш усуллари тўғрисида маълумотлар берилди.

Тадбир давомида кўп йиллар мироб касбида ишлаган фахрийлар суғоришнинг илғор инновацион усуллари айни давр учун долзарблигини эътироф этдилар.