Сўнгги йилларда Янгиқўрғон туманининг сўлим, баҳаво гўшаси, туристларнинг севимли масканига айланаётган Нанайда туризмни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, йилдан йилга ҳудуднинг туристик салоҳияти ортиб бормоқда.

Жумладан, ўтган 4 йил давомида ҳудудда 30 та дам олиш масканлари ҳамда 200 дан ортиқ меҳмон уйлари ташкил этилди. Жорий йилда эса умумий қиймати 41,2 млрд. сўм бўлган 11 та туризм объектлари ташкил этилиб, 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Туризм ҳудудидаги маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 22 км. ички йўллар асфалтланди, 5 км. йўл таъмирланди, 6,5 км ичимлик сув тармоғи тортилди.

Инвестиция дастурига асосан “Дўстлик” ва “Сой бўйи” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Подшоотасой қирғоғида 3,7 млрд. сўм эвазига 1,3 км. узунликда саломатлик йўлакчасининг барпо этилиши натижасида Нанай туристлар учун янада жозибадорлик касб этди.

Юқорида амалга оширилган ишлар натижасида йилдан йилга бу масканга сайёҳлар оқими ҳам ортиб бормоқда. Хусусан, 2018 йилда Нанайга 7 000 нафар дам олувчилар ташриф буюрган бўлса, 2022 йилда бу рақам 23 000 нафарга етди.

Ҳудудга хорижий сайёҳларни жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Тошкент Давлат шарқшунослик университети билан хамкорлик йўлга қўйилди. Университетнинг 15 нафар талабалари тумандаги маданий мерос объектлари ва дам олиш масканлари бўйича турли тилларда контентлар тайёрлаб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди.

Айни кунлрда ҳам Янгиқўрғоннинг ташриф қоғозига айланган Нанай қишлоғида туризмни янада ривожлантириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Дўстлик” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи “Подшоотасой” 2,8 млрд.сўм маблағ ҳисобига 22 та сунъий шаршаралар барпо этилаётгани Нанайга ўзгача кўрк бағишламоқда.

“Қайроқи” МФЙ тоғолди ҳудудида 30 гектар майдонда “Mikmam-Halol” МЧЖ томонидан чавандозлар мактаби, камондан ўқ отиш, уй-меҳонхоналар хизмати, иппотуризм, экстремал туризм, зорбинг туризми, этноспорт ва миллий халқ ўйинларини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Лойиҳанинг ишга туширилиши ҳисобига 80 та янги иш ўрини яратилади.

Собиқ “Пахтачи” дам олиш маскани ҳам янги қиёфа касб этмоқда. 7,5 гектар майдонда “Наманган қурилиш таъмир” МЧЖ томонидан санатория типидаги дам олиш маскани ташкил этилмоқда. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 100 млрд. сўмни ташкил этиб, лойиҳанинг ишга тушириш ҳисобига 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати