Инсон ўз она тили билан улғаяди, камолга етади. Мана шу тил билан яшаб ўтади. Комилликнинг биринчи белгиси ҳам тилда намоён бўлади. Зеро, нутқнинг гўзаллиги, тилнинг бурролиги, ифоданинг аниқлиги инсон учун ўзига ҳос ҳусндир, бу ҳусн оxир-оқибатда жамият ва миллатнинг ҳуснини кўрсатади.
Шу сабаб онадек азиз ўз она тилимизни асраб-авайлаш, эъзозлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиз бўлмоғи жоиз. Она тили – миллатнинг руҳидир. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак.



Барчамизга яхши маълумки, 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилди ва 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 34 йиллиги муносабати билан айни кунларда мамлакатимизнинг барча гўшаларида ўзбек халқи учун қадрли сана кўтаринкиликда нишонланмоқда.
Хусусан, бугун Янгиқўрғон тумани Маданият марказида ҳам туман ҳокимлиги Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, "Нуронийлар" жамғармаси туман бўлими ҳамкорлигида "Қадринг баланд бўлсин, она тилим!"шиори остида байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда сўз олган нуронийлар, туманимиз ижодкорлари, ёшлар вакиллари она тилимизнинг буюклиги, бойлиги, бетакрорлиги, у билан фахрланиш, ғурурланиш лозимлиги борасида ўз фикрларини билдирдилар. Она тилимизни мадҳ этувчи шеърлар ўқидилар.
Тадбирнинг иккинчи қисмида ўз ижоди билан ўзбек тилининг ривожига ҳисса қўшаётган тумандошимиз, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Лобар Рустамовага Қозоғистон Республикасининг "Дунё талантлари" Халқаро уюшмасининг "АБАЙ" медали, туман ҳокимлигининг Ташаккурномаси ва совғалари топширилди.
Туман Маданият маркази ходимлари ҳамда 17-Болалар ва мусиқа мактаби ўқувчилари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага яхши кайфият улашди.
✍️ Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати





