Аҳолини баҳор ойларида эртаки сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш, ички бозорларда нарх-навонинг барқарорлигини сақлаш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш мақсадида боғ-ток қатор ораларига пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда “тўқсонбости” усулида сабзавот экинларини экиш, агротехника тадбирларини ўз муддатларида ўтказиш ҳамда уларга талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини етказиб бериш қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бугунги долзарб юмушлардан биридир.

Бугун Янгиқўрғон туманидаги "Аббасов Шуҳрат" фермер хўжалигида ана шу юмушларга бағишланган кўргазмали семинар ташкил этилди.

Семинарда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов, вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззаков, туман ва вилоятдаги қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар вакиллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, маҳалла раислари иштирок этдилар.

Таъкидлаш жоизки, Янгиқўрғон туманида қатор ораларидаги 3 минг 902  гектарга тўқсонбости усулида ва 8 минг 681  гектарига эрта баҳорда эртаки қишлоқ хўжалиги экинлари экилиши белгиланган.

Семинар якунида иштирокчилар "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси ижроси доирасида дала четларига оммавий кўчат экиш жараёнларида иштирок этдилар. Унда 1000 тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати