Ўтганларни хотирлаш халқимизнинг эзгу одатларидан бири. Бугун Янгиқўрғон тумани, "Тинчлик" маҳалласидаги 31-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбир тарих зарварақларига муҳрланди, десак муболаға бўлмайди.

Тадбирда тириклик чоғида халқ учун, эл учун қилган эзгу ишлари билан ўзига хайкал ўрнатиб кетган, 1981-1984 йилларда Янгиқўрғон район партия қўмитасининг 1-котиби вазифасида ишлаган Тожимирза Абдуллаев таваллудининг  86 йиллиги нишонланди.

Т.Абдуллаев туманга раҳбарлик қилган йилларда манзилларни ободонлаштириш мақсадида йўллар кенгайтирилди, кўплаб маъмурий бинолар қурилди, Истироҳат боғи барпо этилди, туманнинг сувга ташна ҳудудларида сув таъминоти яхшиланди, қишлоқ хўжалигида ҳам улкан ўсиш кўзга ташланди.

Ўзига хос характерга, услубга эга бўлган Т.Абдуллаев  қайси жабҳада ишламасин,  вилоят сув қурилиши трести бошлиғими, туман партия қўмитасининг биринчи котибими, давлат хўжалиги директорими, у аввало эл турмушини фаровонлаштириш йўлида бор куч-қувватини сарфлади.

Тадбирга йиғилган Т.Абдуллаевнинг фарзандлари, яқинлари, сафдошлари, шогирдлари унинг ана шу элпарварлигини, жонкуярлигини, фидоийлигини эътироф этдилар.

Тадбирда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззаков у каби аждодларимизни хотирлаш, номини абадийлаштириш эзгу амал эканлигини таъкидлади.

Шунданг сўнг вилоят раҳбари бошчилигида, вилоят, туман, пойтахт ва хориждан ташриф буюрган меҳмонлар, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари гувоҳлигида элпарвар аждодимизнинг номини ўзи ўқиган 31-умумтаълим мактабига берилгани муносабати билан Тожимирза Абдуллаевнинг бюсти пойига гуллар қўйилиб, ҳурмат бажо келтирилди, унинг номидаги музейнинг  очилиш маросими бўлиб ўтди.

Бугун Т.Абдуллаев орамизда жисман йўқ бўлсада унинг ишлари фарзандлари шогирдлари тимсолида давом этмоқда.

Тадбирда Ички ишлар вазирлигининг кубоги учун бўлиб ўтган волейбол, шахмат, шашка бўйича мусобақаларда ғолиб бўлган ёшлар ютуқлари эътироф этилди.

Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати