Сувни тежанг ва қадрланг, азиз фермерлар, деҳқонлар ҳамда томорқа ер эгалари!
Аграр соҳада истеъмол қилинадиган сув ресурсларини тежашдан кўзланган асосий мақсад – сувдан мақсадли, самарали ва оқилона фойдаланиш, сув исрофгарчилигига барҳам бериш орқали сувдан самарали фойдаланишдан иборат.
Сувни ҳар ким ўзи учун, келажак авлодлар учун тежаши лозим!
Мамлакатимизда истеъмол қилинадиган сувнинг 91 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилмоқда. Дарҳақиқат, суғориш орқали ҳосил етиштиришга асосланган деҳқончиликда сувнинг қадри бебаҳо бўлиб, сарфланаётган сувнинг атиги бешдан бир қисми юртимизда шаклланиши, оби-ҳаётнинг қолгани қўшни давлатлардан келишини ҳисобга оладиган бўлсак, уни қанчалик оқилона фойдаланиш зарурлигини янада кўпроқ англаймиз. Қайд этиш керакки, Марказий Осиёда фойдаланиладиган жами сув заҳираларининг 45 фоиздан ортиғи Ўзбекистон улушига тўғри келиши ҳам ер эгаларидан алоҳида масъулият талаб қилишини кўриш мумкин.


Азиз ҳамкасблар!
Сув–ҳаёт манбаи! Бу улуғ неъматни ота-боболаримиз азалдан эъзозлаб, ҳар томчисидан оқилона фойдаланишни қадрият даражасига кўтаришган. Барча неъматларнинг ҳисоби бўлганидек, оби-ҳаётнинг ҳам ўлчови бор!
Жонажон Ўзбекистонимиз Амударё ва Сирдарё оралиғида жойлашган бўлиб, фойдаланиладиган сувнинг 80 фоиздан ортиғи қўшни мамлакатлар ҳудудида шаклланади. Глобал иқлим ўзгаришлари, минтақада ёғингарчилик миқдори йилдан-йилга камайиши сув ресурсларига ҳам таъсирини кўрсатмоқда. Бундан 30-35 йил олдин мамлакатимизда фойдаланиладиган йиллик сув миқдори 62-64 миллиард метр куб атрофида бўлган бўлса, ҳозирда 51-52 миллиард метр кубга тушиб қолди. Агар вазият шу тарзда давом этса, яқин йигирма йилда икки йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими ҳозиргидан 15 фоиз қисқариши, аҳоли жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоиз, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик 40 фоиз камайиб кетиши мумкин.
Ҳисоб-китобларга қараганда, Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида 2040 йилга бориб сув ресурсларига бўлган эҳтиёж уч баробар ошади.
Ҳурматли фермерлар, деҳқонлар, миришкор боғбонлар ва азиз томорқа ер эгалари!
Сув йўқотишларининг энг катта қисми айнан қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келади. Юртимиздаги суғориш тармоқларининг ярми бетонланмаган, яъни тупроқ ўзанли ариқ ва каналлардан иборат бўлгани сабабли катта миқдорда сув йўқотилмоқда.
Мамлакатимиздаги суғориладиган майдонларнинг 60 фоиздан ортиқ қисмига 1680 дан зиёд насос станцияси ва 4 мингдан ортиқ суғориш қудуғи орқали жуда катта маблағ ва саъй-ҳаракатлар эвазига сув етказиб берилади. Сув хўжалиги соҳасига ажратилган 10 триллион сўмнинг 63 фоизи насос станцияларининг электр энергияси харажатларига сарфланмоқда, яъни давлат бюджетидан ажратилаётган катта маблағ ва машаққатлар эвазига экин далаларига етиб бормоқда. Ушбу маълумотлардан аён бўладики, сув текин эмас, ҳатто арзон ҳам эмас!
Шундай қийинчиликлар билан етказиб берилаётган сув билан томорқалар ва экин далалари кўллатилиб, зовурларга оқизиб қўйилаётган ҳолатларга дуч келганимизда кўз юмиб ўтиб кетаверишимиз она Ватаннинг гуллаб-яшнаши ва ривожланишига бефарқлик ва катта гуноҳ эканини ҳар бир юртдошимиз онгига сингдирайлик!
Ҳозирда фаолиятига ресурс тежамкор технологиялар қўллаётганлар сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Айниқса, томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет усулида суғориш, ерни лазер ускунасида текислаш оммалашмоқда. Тежовчи технологияларни қўллаш орқали фермерлар, деҳқонлар, кластер эгалари нафақат сувни тежаяпти, балки ҳосилдорлик ошиши ҳисобига яхшигина даромад ҳам кўряпти. Уста деҳқонлар яхши биладики, томчилатиб суғориш далага эмас, ўсимликка сув бериш дегани. Маблағ тежалади. Анъанавий суғоришда ўғит сувда оқиб, зовурларда қамиш ўсишини кўпайтираётган бўлса, томчилатиб суғоришни жорий қилган фермерлар айнан экинларга сув ва ўғитни бир хил етказиб бериш ҳисобига ҳосилдорлик ошмоқда.
Сиз ҳам илғорлар сафига қўшилинг! Халқимизда “Сув зар — сувчи заргар”, деган ибора бежизга айтилмаган. Қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришда заргарона маҳорат билан сувдан унумли фойдаланинг! Тежамкорликнинг замонавий усулларидан фойдаланиб, сув беҳуда сарф бўлишига йўл қўйманг! Тежамкорликда бошқаларга намуна бўлинг.
“Отанг мироб бўлса ҳам ариғингни чуқур қазгин”, деган нақлга амал қилиб, ишни куз-қиш мавсумида ўз ҳудудингиздаги ички ариқларни тозалаш ва бетонлашдан бошланг!


Муҳтарам пахтакор ва ғаллакорлар!
Қишлоқ хўжалигида сув билан таъминлашга устуворлик пахта ва ғалла экинларига берилмоқда. Қарийб 60 фоиз сув ушбу экинларни суғориш учун сарфланмоқда.
Томчилатиб суғориш тизими ўрнатилганда ҳар гектар сабзавот, картошка, узум, озуқабоп, мойли, дуккакли экинлар ва доривор ўсимликлар учун гектарига 8 млн. сўмдан, мевали экинларга 6 млн. сўм ва полиз экинларига 1,3 млн. сўм субсидия бериш белгиланган. Шунингдек, пахта ва ғалла майдонларига ўрнатилган сув тежовчи ускуналар учун банклар бир йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга ҳар бир гектарга 25 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратиши кўзда тутилган.


Қадрли ҳамюртлар!
Ҳар биримиз қатраси тиллодан ҳам қиммат сувни тежар эканмиз, бу мамлакатимиз иқтисодиётига, халқимиз фаровонлигига, эл-юртимиз равнақига, фарзандларимизнинг келгуси бахтли-саодатли ҳаётига қўшаётган энг хайрли улушимиз бўлади.
Сув текин эмаслигини, обиҳаётни исроф қилиш халқимиз келажагига хиёнат қилиш билан баробар эканини унутмайлик!
Сувнинг бебаҳо неъмат эканини юртдошларимиз онгига чуқур етиб бориши учун тушунтириш ва тарғибот ишларини бир лаҳза ҳам тўхтатмайлик!
Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари учун сувлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, сувни булғаниш, ифлосланиш ва камайиб кетишдан сақлаш, сув объектларининг ҳолатини яхшилашдан, шунингдек сувга доир муносабатлар соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда сув тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик ҳам белгиланганлигини ёддан чиқармайлик!
Қайта-қайта такрорланган бўлса-да, бир нарсани унутишга ҳаққимиз йўқ: сув энг улуғ неъмат. Ундан тежамкорлик билан фойдаланиш, ҳар бир томчисини асраб-авайлаш бугунги авлоднинг келажак олдидаги бурчидир!

ЎЗБЕКИСТОН ФЕРМЕР, ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИКЛАРИ ВА ТОМОРҚА ЕР ЭГАЛАРИ КЕНГАШИ