Мамлакатимиз иқтисодиёти ривожида, янги иш ўринларининг яратилишида тадбиркорларнинг аҳамиятли улуши бор. Шу боис Юртбошимиз томонидан тадбиркорлик субъектлари қўллаб-қувватланиб, кўплаб имтиёзлар берилмоқда. Хусусан, тадбиркорлик субъектларида текшириш ўтказиш учун фақатгина “Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” Омбудсман рухсатини олиш тизими жорий этилди, солиқ органлари томонидан ўтказиладиган “камерал” солиқ текширувларида тадбиркорлик субъектларидан ҳужжатлар талаб қилиб олиш бекор қилинди. Лекин, ушбу имкониятлардан айрим тадбиркорлар томонидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, иқтисодиёт асоси - солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари ҳам учрамоқда.



Янгиқўрғон туман Давлат солиқ инспекциясида туман ҳокими Асадулло Нажмиддинов ва секторлар раҳбарлари бошчилигида солиқ идоралари раҳбар ва масъул ходимлари, тадбиркорлар иштирокидаги йиғилишда ана шу ҳолатлар муҳокама қилинди.
Унда айрим тадбиркорлик субъектлари солиқ тўловларини тўламаслик мақсадида ҳақиқий савдо тушумини яшириб, мижозларга сотилган маҳсулотлари учун тўловларни банк пластик картаси орқали қабул қилиб, жамият ҳисоб-рақамига кирим қилмай товар айланмасини амалга оширишга эришиб, солиқларни тўламасдан давлат манфаатларига зарар етказишаётгани таъкидланди.
Йиғилишда туман прокурори Қ.Аҳмаджонов қонун барчага баробар эканлигини, тадбиркорлар имтиёзлардан фойдаланишлари баробарида ўз бурчларини ҳам адо этишлари лозимлигини, улар тўлаётган солиқлардан ота-оналарига нафақа, қўни-қўшниларингизга моддий ёрдам, иш ҳақи, фарзандларига таълим олиши учун замонавий ўқув муассасалари қуришга сарфланишини тушунтирди.





